Ёш авлодни ҳар томонлама билимли, хорижий тенгдошлари билан бемалол рақобатлаша оладиган, эркин фикрга эга, шунингдек, медиа соҳасининг етук мутахассиси этиб тарбиялаш муҳим аҳамият касб этади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда қатор янги олий таълим муассасалари, хорижий даргоҳлар филиаллари ташкил этилди. Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ана шундай олий ўқув юртларидан бири саналади.

ЎзЖОКУда таҳсил олаётган 119 нафар талаба илк қалдирғочлар сифатида жорий йил университетни тамомлаб, медиа майдонга қадам қўймоқда.
Битирувчи ёшлардан 32 нафари Интернет журналистика ва ижтимоий тармоқлар факультетининг Интернет журналистика, Медиамаркетинг ва реклама, Медиадизайн йўналишлари талабаларидир.

Айнан, ушбу муассасани тамомлаётган ёшлар ахборот соҳасини либераллаштириш, матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларининг жамиятдаги ролини ошириш, малакали журналист кадрларни тайёрлаш, медиа бозорини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиши қувончли.
– Бугун мен учун эсда қоларли, унутилмас кун бўлди, боиси, фаолиятим давомида яқин дўст бўлишга улгурган талабалар бугун битириш арафасида, – деди Интернет журналистика ва ижтимоий тармоқлар факультети декани Гулнора Зокирова. – Йўналишимдаги талабаларда салоҳият юқори, уларнинг ижтимоий ҳаётимиздаги жараёнларга муносабати ҳамда медиа соҳасидаги ўрни ўзгача.

Факультет декани, шунингдек, илк қалдирғочларга келгусида илмий-ижодий ишларига зафарлар тилаб, ўқув жараёнида тўплаган билим ва амалий тажрибалари билан медиа соҳасини янада юқори чўққига олиб чиқишига ишонч билдирди.
Эслатиб ўтамиз, университет Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 майдаги “Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3737-сонли қарорига асосан ташкил қилинган.
Бугунги кунда ЎзЖОКУ талабалари сони жами 2590 нафарни ташкил қилмоқда. Университет матбуот хизматидан маълум қилишларича, ҳозирги кунда бакалавриат ва магистратура босқичлари кундузги бўлимида 1760 нафар талаба таҳсил олмоқда.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА