English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳозир тушкунликнинг мавриди эмас!
21:25 / 2020-05-07

Фалокат оёқ остида, дейдилар. Мусибат эса бир синов. Бундай оғир паллаларда шариатимизнинг ҳукми қатъий: нажотни сабрдан излаш керак!

Эл бошига иш тушганда

Фалокат оёқ остида, дейдилар. Мусибат эса бир синов. Бундай оғир паллаларда шариатимизнинг ҳукми қатъий: нажотни сабрдан излаш керак!

Чинданам ҳозир тушкунликнинг мавриди эмас! Аксинча, ҳамжиҳатлик, бирдамлик, аҳилликка эҳтиёжимиз катта!

Мана, сабр-тоқатимиз туфайли тождор вирус деган бало аста-секинлик билан юртимиздан чекина бошлаяпти. Касалланиш сони камайиб, тузалиш даражаси ортаётганининг ўзи катта гап! Икки ой уйда ўтириб, бир жойимиз камайиб ҳам қолгани йўқ. Қайтанга, жонимизни омон сақлаяпмиз.

Тўғри, аввал Бухородаги, сўнг Сардобадаги офатлар халқимиз учун оғир кулфат бўлди. Талафотларнинг ўрни ҳар қанча тўлдирилмасин, кўнгилларда чуқур жароҳатлар изи қолиши ҳам тайин. Аммо халқимиз қанчалар саховатли, бағрикенг, меҳридарё эканлигини шундай синовли кунларда ҳаммамиз кўрдик.

Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидан кўчирилган юртдошларимизнинг 81 фоизини Сирдарё, Жиззах ва Тошкент вилоятларида яшовчилар ўз ихтиёрлари билан хонадонларига жойлаштиришди. Қолаверса, турли егуликлар, кейим-кечагу кўрпа-тўшаклар ортилган узундан-узун машиналар карвони ҳозир ҳам тўхтагани йўқ. Бир томонда давлат ташкилотларию маҳаллий ҳокимликлар, яна бир томонда саховатпеша ҳомийлару кўнгиллилар...

Снимок.JPG

Ҳатто бир воқеани эшитиб жуда таъсирландим. Карантин шароитида ўта муҳтож бир аёлга “Одамийлик” деган кўрсатув орқали мурувват кўрсатилибди. Озиқ-овқат, ноз-неъматлар, озроқ пул дегандай... Сардобада фалокат юз бергач, ўша муштипар аёл яна қўнғироқ қилиб нима деганини биласми?

— Сардоба учун хайрия акцияси ўтказилаётганини эшитиб қолдим, мен ҳам 20 минг сўм пул ўтқазмоқчи эдим. У ерда ўзимданам аҳволи ёмонлар бор экан...

Ана сизга чинакам ўзбекчилик, ҳақиқий меҳр-оқибат! Ўзи ёрдамга муҳтож бўла туриб, бошқаларнинг қайғуси билан яшаёганларни ким деб улуғлаш керак?

Гина-кудуратга ўрин қолмади!

Сардоба талафотлари кўлами, афсуски, кичик эмас. Тўғон ўпирилгач, 276 квадрат километр майдонни сув босгани, 24 маҳалладан 90 мингга яқин фуқаро зудлик билан хавфсиз ҳудудларга кўчирилганидан хабарингиз бор. Энг ёмони, ҳозиргача 4 нафар фуқаромиз табиий офат қурбонига айланди, 1 нафари бедарак йўқолган. Давлатимиз ана шу талафотлар оқибатларини бартараф этиш учун барча зарур кучларни сафарбар қилган. Керакли ҳамма чоралар кўриляпти. Ҳукумат комиссияси ишламоқда.

photo_2020-05-07_21-11-07.jpg

Аммо ён қўшни-жон қўшнимиз — Қозоғистон давлати ва халқи олдида жуда қаттиқ ҳижолатдамиз. Афсусимиз ҳам чексиз. Юртимизда рўй берган техноген офат туфайли Мақтарал туманининг айрим аҳоли пунктларини ҳам сув босди. 845 уй вайрон бўлган. 14 қишлоқдан жами 31606 аҳоли эвакуация қилинган. Кўринадики, уларнинг бошига тушган кўргиликлар бизникидан кам эмас.

Шунга қарамай, қозоқ биродарларимиз бизни тўғри тушунишди. Орамизга нифоқ солмоқчи, этни тирноқдан ажратмоқчи бўлган бузғунчи кучларнинг ғаразли ниятлари амалга ошмади. Азал-азалдан бир дарёдан сув ичиб, ўзаро қуда-анда бўлиб яшаган қон-қардош халқлар қайғули кунларида ҳам бир-бирларига елка тутдилар. Синовли дамларда гина-кудуратга ўрин қолмади.

“Биз қозоғистонлик биродарларимизга табиий офат оқибатларини бартараф этишда керакли ёрдамни беришга тайёрмиз” деди Президентимиз. Шундай ҳам бўляпти!

Икки мамлакат раҳбарларининг телефон орқали мулоқоти ўзаро тушуниш ва очиқлик руҳида кечди. Масала атрофлича муҳокама қилиб олинди. Кучлар бирлашди. Ҳозир икки давлат ҳамкорлигида талафот оқибатларини бартараф этишга киришилган.

Майли, бундай ёмон кунларимиз ҳам ортда қолишига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Лекин кўҳна нақлда айтилганидек, ҳар ёмонликда ҳам бир хайр бор. Бизни қувонтирган жиҳат — шу!

“Ўзбекларда инсоф бор экан!”

Тўғри йўлни танлабмиз! Яратганга шукр, оломон эмас, жипс халқ бўлганимизни кўрсата олдик бутун дунёга! Давлатимиз раҳбари юртдошларимизни ўз ортидан эргаштира олди.

photo_2020-05-07_21-11-08.jpg

Сўнгги кунларда қозоқ биродарларимизнинг ижтимоий тармоқларда ёзиб қолдираётган изоҳларини кўриб, ўзбеклигимиздан фахрланиб кетяпмиз.

Улардан бири — Насиба Ибрагимова. У “Фейсбук”даги саҳифасида шундай фикр қолдирибди: “ўзбеклар талофат кўрган биродарларига кийим-кечак, егуликлар, кўрпа-тўшак тарқатяпти. Биз ҳам талофат кўрган қозоқларимизга саховат кўрсатайлик. Орамиздан ташкилотчи чиқиб, бу тадбирни бутун Қозоғистонга ёяйлик... Ўзбекларни кўрмайсизларми, Президентининг ўзи, сув кечиб, йўқотган ҳамма нарсаларинг, ҳужжатларинггача янгилаб берамиз, деяётир...”

Мунира Сактанованинг қисқагина изоҳи ҳам шу мазмунда:

“Ўзбекистон Президентига осон тутиб бўлмайди ҳозир, ҳаммасини ўзим қилиб бераман, деб гарданига олди. Бовурларимизга сабр берсин!”

Шунингдек, Венера Елеушенова “Талафот жойида шахсан Ўзбекистон Президентининг ўзи туриб қутқарув ишларига бош бўлмоқда” деб ёзса, Алифбек Аминов деган фойдаланувчи “Бундан ўрнак олса арзийди” деб унинг фикрини маъқуллайди.

Хуллас, Президентимиз ва халқимиз бирдамлигига тасанно айтиб қолдирилган бундай фикрларга ижтимоий тармоқларда жуда кўп дуч келяпмиз.

Қуйидаги видеолавҳа ҳам шу ҳақда. Унда қозоқ қардошларимиз Мақтарал туманидаги сув босган ҳудудларга иш олиб бораётган Ўзбекистон вакилларини мамнуният билан тасвирга олибди.

“Мана, Ўзбекистондан ўттиз чоғли қудратли машина келиб, бизнинг овулимизни қутқармоқда. Насослар ёрдамида сувни чиқаришяпти. Ўзбекистонга раҳмат! Ўзбекларда инсоф бор экан! Баракалла!..” деган мазмундаги миннатдорлик сўзларини эшитасиз.



Дўст дўстга боқар, сув сойга оқар, деган ҳикмат бор халқ орасида. Мана, қўшни мамлакатдаги тошқиндан зарар кўрган ҳудудлардан ҳам сувлар чиқазилиб, сойларга оқизиляпти. Вақти келиб бу овулларда яна ҳаёт аввалги изига тушишига ишонамиз. Ўзбек халқи эса ана шу офатдан зарар кўрган қозоқ биродарларимизнинг қайғусига ҳамиша шерик! Қозоқ қардошларимиз ҳам, ўз навбатида, бизга доимо ҳамдард. Ҳақиқий дўстлик аслида шундай бўлиши ҳам керак!