Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Озиқ-овқат хавфсизлигининг долзарб масалалари Самарқандда муҳокама қилинмоқда
17:41 / 2022-10-14

Самарқанд давлат университетида «Озиқ-овқат хавфсизлиги: глобал ва миллий муаммолар» мавзуидаги халқаро илмий-амалий анжумани бўлиб ўтмоқда.

Тўртинчи бор ўтказилаётган мазкур йирик тадбир Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети томонидан БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Қурғоқчил ҳудудларда қишлоқ хўжалиги бўйича тадқиқотлар олиб борувчи халқаро марказ (ICARDA) билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Анжуманда жаҳоннинг 20 дан ортиқ давлатлари олимлари, экспертлар, инвесторлар, халқаро ташкилот вакиллари иштирок этмоқда.

Cайёрамиз аҳолисининг истеъмол маҳсулотларига бўлган талаби йил сайин ортиб бормоқда. Бироқ иқлим ўзгариши оқибатида кузатилаётган сув тақчиллиги, экин майдонларининг унумдорлиги пасайиб кетиши ва бошқа экологик омиллар таъсирида қишлоқ хўжалиги экинларидан мўлжалдаги ҳосилни олишнинг имкони бўлмаяпти. Оқибатда кўплаб давлатлар аҳолиси озиқ-овқат хавфсизлигининг оқибатларини жуда ўткир ҳис қилишмоқда.

Шу маънода юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга устувор аҳамият берилаётгани диққатга сазовор, албатта. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг олтинчи саммитида ушбу масалага халқаро ҳамжамиятни яна бир бора қаратиб, жумладан, шундай деди: «Бутунжаҳон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, очликдан азият чекаётган сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпи Осиё қитъасида яшамоқда. Парадокс шундан иборатки, бир вақтнинг ўзида айнан бизнинг мамлакатларимиз жаҳоннинг етакчи озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи давлатлари ҳисобланади».

— Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда Ўзбекистон юқори салоҳиятга эга, — дейди халқаро конференция иштирокчиси, академик Бакриддин Зарипов. — Фақат ундан унумли фойдаланиш, амалиётга интенсив технологиялар ва инновацияларни жадал татбиқ этиш зарур. Ана шунда иқлимий таъсирларни юмшатиш, ресурс тежамкорликка эришиш, пировардида қишлоқ хўжалиги соҳаси ва озиқ-овқат саноатини ривожлантириш мумкин. Бу нафақат юртимиз аҳолисини муҳим истеъмол товарлари билан таъминлаш, балки экспорт ҳажмини кўпайтириб, қўшни ва хориж давлатларида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш имконини беради.

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродовнинг айтишича, анъанавий тус олган мазкур анжуманда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида глобал масалалар муҳокама қилинаётган, соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланиш тарғиб қилинаётгани туфайли унинг нуфузи тобора ошмоқда.

— Давлатимиз раҳбари ШҲТнинг Самарқанд саммитида келгуси йили мамлакатимизда Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ўтказишни таклиф этгани бизга қўшимча масъулият юкламоқда, — дейди Р. Холмуродов. — Бинобарин, ФАО шафелигида ташкил этиладиган мазкур форумда Президентимиз томонидан илгари сурилаётган Осиёда озиқ-овқат хавфсизлигини мониторинг қилиш яхлит тизимини яратиш, озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг барқарор тизимларини ва уни етказиб беришнинг оптимал занжирини шакллантириш, ички минтақавий савдо ўсиши учун техник регламентларни уйғунлаштириш каби масалалар муҳокама қилиниши кутиляпти.

Анжуман ялпи мажлисидан сўнг иштирокчилар шуъбаларга бўлинган ҳолда долзарб мавзулар маърузалар қилишяпти.

Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА