Озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлаш, санитария талабларига жавоб бериш, ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш инсон саломатлигини сақлашда муҳим аҳамиятга эга. Ушбу йўналишдаги ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш озиқ-овқат хавфсизлиги чораларини кўришда ҳал қилувчи ўрин тутади.
Бу борада “Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги соҳасидаги санитария чоралари, қоида ва нормаларни ишлаб чиқиш ҳамда қўллаш тартиби ЖСТ битими талаблари билан уйғунлаштирилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан мазкур қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Иккинчи ўқишга тайёрланаётган мазкур лойиҳа билан озиқ-овқат маҳсулоти ва озуқанинг хавфсизлигига қўйиладиган умумий талаблар, озиқ-овқaт бизнеси операторларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари назарда тутиляпти.
Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотининг хатарлар таҳлили ва критик назорат нуқталари тизими асосида доимий тартибларни ишлаб чиқиш, жорий қилиш ва қўллашга қўйиладиган талаблар белгиланмоқда.
Йиғилишда депутатлар томонидан қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича берилган барча таклифлар, фикр-мулоҳазалар чуқур таҳлил қилинди, лойиҳадаги нормалар маромига етказилди. Масъул қўмитада қонун лойиҳасини такомилига етказиш ишлари давом этмоқда.
М.Комилова, ЎзА