Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Озиқ-овқат хавфсизлиги энг долзарб вазифа
06:58 / 2022-07-13

Бугунги кунда ер юзидаги иқлим ўзгариши натижасида озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш қийинлашаяпти. Натижада эса бутун дунё мамлакатлари олдида озиқ-овқат хавфсизлиги долзарб вазифалардан бирига айланмоқда. Зеро, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий барқарорликни таъминлашнинг гарови ҳисобланади.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсунов Хатирчи туманида бўлиб, бир қатор тадбиркорлар, миришкор ва боғбонлар билан учрашиб, уларнинг фаолияти билан танишди.

Дастлаб вилоят раҳбари Баҳриддин Эшмуродов раҳбарлик қилаётган “Севара Чинора даласи” фермер хўжалиги дала майдонларида соя етиштириш ишларини кўздан кечирди. Ҳозирда фермер хўжалигининг жами 178 гектар ер майдони бўлиб, шундан 22 гектарида соя ўсимлиги парваришланмоқда.

Шундан сўнг Н. Турсунов эронлик тадбиркор Ҳажи Амирхони Меҳршод Маъсуд раҳбарлик қилаётган “Раманд яшил” (“CAS PIAN AGRO”) маъсулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхона далаларида бўлди.

Хорижий корхона томонидан замонавий суғориш тармоқларини жорий этиш орқали 652 гектар яйлов ерларни ўзлаштириш режалаштирилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 5 миллион АҚШ долларини ташкил қилади. Бугунги кунга қадар 1,5 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиниб, 200 гектардан ортиқ ер майдони ўзлаштирилди. Жумладан, 2021 йилда 30 гектар ер майдонига 150 минг доллар инвестиция ҳисобига помидор экилиб, қарийб 100 минг доллар миқдорида фойда олинди.

Шунингдек, вилоят раҳбари “Тамабаҳрин” маҳалласида яшовчи Неъмат Дониёров хонадони бўлди.

– Асли касбим ўқитувчи, ҳозирда нафақадаман, – дейди Н. Дониёров вилоят раҳбари билан суҳбатда. – 20 сотих томорқамда узум, нок, шафтоли каби меваларни етиштириб, халқимиз дастурхонига етказиб беряпмиз. Меҳнатимиз ортидан даромадимиз ҳам ортмоқда. Бундан ташқари, 2 гектар майдонда кўчат етиштириш билан ҳам шуғулланаман.

Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг хабарига кўра, Н. Турсунов хатирчиликлар билан учрашувлар чоғида ҳудуд аҳолисининг меҳнаткаш ва ишбилармонлигини эътироф этган ҳолда айрим боқимандалик кайфиятида бўлган кишиларни ҳам ўз меҳнати орқали нафақат даромад, балки эл орасида обрў-эътибор топишига эришиш ҳам муҳим вазифалар сирасига киришини таъкидлаган.

А.Бўриев,

ЎзА мухбири