Юртимизда юқумли касалликлар келиб чиқиши ва тарқалишининг олдини олиш, гигиена ҳамда эпидемиологик ҳолатни яхшилаш, шу билан бирга озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур йўналишда Андижон вилояти санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази Андижон шаҳар бўлими томонидан ҳам муҳим ишлар амалга оширилмоқда.
Айни пайтда 124 нафар мутахассис фаолият юритаётган марказ томонидан Андижон шаҳрида, хусусан, ҳудуддаги 2 минг 983 та объектда санитария-эпидемиологик ҳолатни барқарорлаштириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур чоралар амалга оширилмоқда.
– Саломатлигимиз кўп жиҳатдан ҳар куни истеъмол қилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимлик сувимиз ва атроф-муҳит тозалигига боғлиқ, – дейди санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази Андижон шаҳар бўлими раҳбари Қаҳрамон Тожиддинов. – Шу боис ҳам фаолиятимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Назорат объектларидан 193 таси мактабгача таълим ташкилоти, 57 таси умумтаълим мактаби, 16 таси хусусий мактаб, 14 таси даволаш муассасаси, 244 таси саноат ва ишлаб чиқариш корхонаси, 2 минг 138 таси озиқ-овқат объекти, 315 таси аҳолига хизмат кўрсатиш шохобчаси бўлиб, уларда мунтазам равишда санитария назорати тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Бу объектларда ишловчи ходимларнинг даврий тиббий кўрикдан ўтиши, шахсий ва умумий гигиена қоидаларига риоя этилиши, юқумли касалликлар келиб чиқиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича тарғибот ҳамда тушунтириш ишлари изчил олиб борилмоқда.

Айниқса, болалар саломатлиги билан боғлиқ масканлар – шаҳардаги 193 та мактабгача таълим ташкилоти, 57 та умумтаълим мактабида ошхоналар, овқат тайёрлаш хоналари, ичимлик суви сифати, умуман, иншоотдаги санитария ҳолати мунтазам назорат қилиб борилмоқда. Бу фарзандларимизнинг соғлом овқатланиши, турли юқумли касалликлардан ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Якунланган 2025 йил давомида бўлимнинг санитария-гигиена, бактериологик лабораторияларида озиқ-овқат маҳсулотларидан 943 марта намуналар олиниб, таҳлил қилинди. Сифати бузилган, истеъмолга яроқсиз маҳсулотлар аниқланган ҳолларда улар дарҳол савдодан олинди ёки белгиланган тартибда йўқ қилинди.

Шаҳарда фаолият юритаётган 4 та деҳқон бозорида сотилаётган маҳсулотлар, шунингдек, маҳсулотларнинг сифат сертификати мавжудлиги, сотувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтганлиги, махсус иш кийимларига эга эканлиги ҳам назорат қилинмоқда.
Ўтган йил давомида биргина Андижон шаҳар марказий деҳқон бозорида ўтказилган текширувлар натижасида 360 килограмм мева, 115 килограмм сут ва сут маҳсулотлари, 43 килограмм қуритилган мева, 479 килограмм сабзавот, 88 килограмм тузлама, гўшт ва гўшт маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз деб топилиб, савдодан олинди, белгиланган тартибда йўқ қилинди.
Шаҳар ҳудудидаги барча озиқ-овқат ишлаб чиқариш, савдо ва умумий овқатланиш объектлари режа асосида текшириб борилмоқда. Лаборатория таҳлиллари орқали ҳар бир маҳсулотнинг сифати, хавфсизлиги назорат қилинмоқда. Бу ишлар замирида аҳоли саломатлигини сақлаш, дастурхонида хавфсиз таом бўлишини таъминлаш мақсади ётади.

Шаҳар ҳудудидаги 94 та маҳалла фуқаролар йиғинида “маҳаллабай ишлаш тизими” асосида тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Мутахассислар аҳоли билан уйма-уй суҳбатлашиб, шахсий гигиена, овқатни тўғри сақлаш, соғлом овқатланиш ва ичимлик сувидан фойдаланиш қоидалари ҳақида тушунтиришлар беради. Шунингдек, маҳалла гузарлари ва аҳоли гавжум жойларга мавзуга оид афишалар, эслатма ва маълумотли буклетлар ўрнатилмоқда ва тарқатилмоқда. Айниқса, оналар, болалар ва ёш оилалар учун гигиенага риоя қилиш бўйича зарур тавсиялар тақдим этилмоқда.
Бўлим қошида ташкил этилган санитария-гигиена ўқув курсларида ўтган йили корхона, ташкилот, муассасалар ҳамда овқатланиш шохобчаларининг 498 нафар ишчи-ходими ўқитилди.

Ўқув курси машғулотларида тингловчиларга тозалик, гигиена қоидаларига амал қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, шахсий гигиена бўйича зарур билимлар берилди. Бу аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, мактаб, боғча, шифохона, кўп қаватли уйлар ертўлалари ва йўлакларида дезинфекция, дезинсекция ва дератизация ишлари мунтазам ўтказилмоқда. Ўтган йил давомида 4 минг 262 та буюртма асосида зарарсизлантириш ишлари амалга оширилиб, юқумли касалликлар тарқалишининг олди олинди.

Санитария-гигиена қоида ва меъёрларига риоя этилмаган ҳолатлар бўйича тегишли чоралар кўрилиб, қоидабузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан доимий равишда тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Зарур ҳолларда маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, белгиланган тартибларга амал қилмаган шахсларга чоралар кўрилмоқда. Жумладан, 2025 йил давомида қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 89 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённомалар тузилиб, жами 238 миллион сўмдан ортиқ жарима қўлланилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари