Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Озиқ-овқат хавфсизлиги долзарб масала
16:13 / 2025-07-01

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали томонидан “Республикамизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда инновацион технологиялардан самарали фойдаланиш йўллари ва ечимлари” мавзусида республика илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раҳбарлари, Савдо-саноат палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси вакиллари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда ёш олимлар иштирок этди. Бундан ташқари, қўшни давлатларнинг етакчи олий ўқув юртлари ҳам анжуманда онлайн шаклда қатнашиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Анжуманга тақдим этилган 50 дан ортиқ илмий мақолалар орасида замонавий технологияларни озиқ-овқат ишлаб чиқаришга интеграция қилиш, агротехника воситаларидан оқилона фойдаланиш, логистика занжирларидаги инновацион ечимлар, озиқ-овқат сифатини мониторинг қилишда сунъий интеллект технологияларининг ўрни каби долзарб масалалар таҳлил қилинди.

Конференция иштирокчилари ўз маърузаларида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш нафақат иқтисодий муаммоларни ҳал этишга, балки экологик мувозанат, аҳоли саломатлиги ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади. Айниқса, иқлим ўзгариши шароитида ресурслардан самарали фойдаланиш ва инновацион ечимларга таянган тизим зарурлиги уқтирилди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларида, хусусан, Қорақалпоғистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда паррандачилик соҳасидаги инновацион ёндашувларнинг ўрни ҳақида маъруза қилинди. Унда маҳаллий субъектлар ўртасидаги ҳамкорлик, давлат томонидан яратилаётган рағбатлантирувчи механизмлар, инвестицияларнинг оқилона йўналтирилиши ва ички талабни чуқур ўрганиш асосида самарадорликка эришиш мумкинлиги асослаб берилди.

Тадбир якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди. Ушбу конференция илм-фан, инновация ва амалиёт уйғунлигида янги босқич бўлиб, республикада озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги стратегик қарорлар учун мустаҳкам илмий пойдевор яратди.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири