English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Озиқ-овқат тизими, ердан фойдаланиш ҳамда қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури лойиҳаси ишга туширилди
18:12 / 2024-09-14

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда “FOLUR” лойиҳаси бўйича кириш семинари ташкил этилди.

Семинарнинг асосий мақсади атроф-муҳит ва иқлим муаммоларини ҳал қилиш орқали юртимизда озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги секторини такомиллаштиришда “FOLUR”нинг устувор йўналишларига эътибор қаратишдир.

Лойиҳа ўз олдига ердан самарали фойдаланиш технологиялари ва табиатни муҳофаза қилиш ёндашувларини кенг жорий этиш, экотизим деградациясидан кўп фойда келтирадиган барқарор бошқарувга ўтишни амалга ошириш учун экологик тоза қўшимча қиймат занжирларини яратишни рағбатлантиришни мақсад қилган.

Лойиҳанинг ишга туширилиши Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) мувофиқ барқарор қишлоқ хўжалиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўлидаги муҳим қадамдир. Қишлоқ хўжалиги секторидаги паст маҳсулдорлик ва озиқ-овқатга бўлган талабнинг ортиши натижасида ердан унумли фойдаланиш глобал масалага айланмоқда.

Тадбирда табиатга етказилаётган зарарнинг 30 фоизи иссиқхоналардан ажралиб чиқадиган ис газларга тўғри келиши қайд этилди. Бу муаммолар озиқ-овқат хавфсизлиги, камбағалликни қисқартириш ва кенгроқ ижтимоий-иқтисодий тараққиётга таҳдид солмоқда.

Ўзбекистоннинг кескин континентал иқлими, иссиқ ва қуруқ ёз шароити ҳамда ўзгарувчан ҳаво ҳарорати туфайли мамлакат қишлоқ хўжалигида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар бор. Тупроқ таркибида органик моддаларнинг камлиги билан ажралиб турувчи чўл тупроқлари қишлоқ хўжалигининг ҳосилдорлигини чеклайди.

- Лойиҳа буғдой ишлаб-чиқариш ландшафтларида ҳосилдорликни ошириш билан бирга экотизим ва биохилма-хилликка салбий таъсирни камайтириш ҳамда ишлаб чиқаришда қўшимча қиймат занжирини кўпайтиришдан иборат, - деди “FOLUR” лойиҳаси миллий координатори Азиз Нурбеков. - Ушбу лойиҳа республикамизнинг учта ҳудудидаги 6 та туманда амалга оширилади. Лойиҳа доирасида қўриқхоналарни янги замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш орқали ён-атрофдаги қишлоқ аҳолиси томонидан уларга бўлаётган салбий таъсирлар камайтирилади.

Сўнгги йилларда республикамизда тез-тез учраётган чанг-бўронлар манбасини аниқлаш ва уларга қарши кураш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ҳам лойиҳа мақсадларидан биридир. Лойиҳанинг яна бир муҳим йўналиши фермерлар ва бенфеициарлар салоҳиятини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларни ҳам ўз ичига олади.

Фермерлар ва бенфеициарларни ўқитиш орқали уларни барқарор деҳқончилик усулларини амалга ошириш учун зарур билим ва воситалар билан таъминлаш мумкин.

Таъкидлаш жоиз, лойиҳа ҳудуди Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларининг жами олтита туманини қамраб олади. Унинг доирасида умумий майдони 50 минг гектар ҳудудни экологик жиҳатдан тиклаш ишлари амалга оширилади, яна 50 минг гектар биологик хилма-хилликни бошқаришнинг такомиллаштирилган усулларига ўтилади, буғдой билан банд бўлган ерлар борасида ҳам умумий майдони 300 минг гектар ерни бошқаришнинг такомиллаштирилган усулларига ўтказилиши кўзда тутилган.

Семинар лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиши ва унинг мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ҳамда атроф-муҳитни ривожлантириш стратегиясига қўшадиган ҳиссаси учун мустаҳкам пойдевор яратишда муҳим рол ўйнайди.

 

Б.Худойбердиев,

ЎзА