Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги умумий техник регламент лойиҳаси ишлаб чиқилди
12:06 / 2021-11-27

Мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари захиралари фақат экин майдонларини кенгайтириш ҳисобигагина эмас, балки жаҳоннинг илғор тажрибалари, замонавий ва интенсив агротехнологиялар татбиқ қилинаётгани, истиқболли навлар яратилиб, амалиётга жорий қилинаётгани туфайли мустаҳкамланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган матбуот анжуманида соҳа мутахассислари томонидан  шу ҳақда батафсил маълумот тақдим этилди.

Қайд этилишича, мамлакатимизда бугунги кунда аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгиланган. 2022 йилга қадар юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш концепциялари тасдиқланган.  

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Санитария-гигиена бошқармаси бошлиғи Анвар Шукуровнинг таъкидлашича, аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва овқатланишини яхшилаш ҳар бир мамлакатнинг инсон ресурсларини сақлаш ва иқтисодий ривожланишини жадаллаштиришда муҳим роль ўйнайди. Аҳоли орасида тўғри овқатланиш қоидалари, соғлом турмуш тарзига риоя қилинмаслиги натижасида юқумли бўлмаган касалликлар ривожланиши хавфи бор.

Ҳар йили ноябрь ойининг охирги ҳафтасида республикамизда бўлиб ўтадиган “Озиқ-овқат маҳсулотлари сифат ҳафталиги”  доирасида аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 10 ноябрдаги “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти  юзасидан тушунчалар берилиши режалаштирилган.

Жорий йил ҳам республикамизнинг барча ҳудудларида, ҳафта давомида соҳадаги етук олимлар, мутахассислар томонидан телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар қилди.  Озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, умумий овқатланиш корхоналари ва савдо нуқталарида ўрганишлар ўтказилди.  

Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кузатувчи сифатида кириши, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни давом этиши муносабати билан амалдаги норматив ҳужжатларни халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш мақсадида “Озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги умумий техник регламент лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Лойиҳада озиқ-овқат маҳсулоти муомаласининг биринчи босқичидан то истеъмолчига етказиб беришгача унинг хавфсизлигини таъминлаш, жумладан озиқ-овқат соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятида доимо хавфсиз маҳсулот ишлаб чиқариш ва етказиб беришни, яхши гигеник амалиёти (GHP) ва яхши ишлаб чиқариш амалиёти (GMP), назорат критик нуқталарида хавфни таҳлил қилиш тизимини (НАСРР) жорий этиш, тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча тўсиқлар яратилишининг олдини олиш, самарали назорат ва мониторинг механизмларини жорий этиш, аҳолининг овқатдан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш талаблари белгиланган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда “Озиқ-овқат маҳсулотлари қадоғининг олд томонига жойлаштирилаётган тамға” услубий тавсиялар ишлаб чиқилди ва нормалар белгилаб берилди. Ушбу услубий тавсияларда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг уларнинг таркибида туз, қўшилган қанд ва ёғ миқдори даражасига қараб истеъмолчиларни огоҳлантириш мақсадида махсус белги – “Фойдалилик белгиси” билан тамғалаш бўйича мажбуриятлари, ушбу махсус белгини қўллаш ва жойлаштириш принциплари ҳамда қайси озиқ-овқатларни махсус белги билан тамғалаш бўйича талаблар назарда тутилган.

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда Санитария-эпидемиология хизматида кенг кўламли ислоҳотлар ўтказилмоқда. Барча муассасаларнинг моддий-техника базаси яхшиланиб, лабораториялар замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланмоқда. Санитария-эпидемиология хизматининг 570 та лабораториясидан 25 та лаборатория мажмуалар ISO/IEC 17025 талаблари бўйича аккредитациядан ўтган, Республика референц лабораториясида эса халқаро аккредитациядан ўтиш ишлари якунланмоқда.

Шу боис, ҳозирги вақтда Соғлиқни сақлаш вазирлигида, жумладан Санитария-эпидемиология хизматида озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг тўғри овқатланишини ташкил қилиш борасида барча шарт-шароитлар мавжуд.

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА