Қашқадарё вилояти Нишон туманида Ўзбекистон фермерлари кенгаши ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 31 октябрдаги “Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросига бағишланган кўргазмали семинар ташкил этилди.
Тадбирда Қашқадарё ҳамда Сурхондарё вилоятларида фаолият юритаётган озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликлар раҳбарлари, соҳа масъуллари иштирок этди. Семинар доирасида Президент қарори асосида қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги имтиёз ва субсидиялар амалиётда қўлланилиши кўргазмали тарзда тушунтирилди.
– Президентимизнинг мазкур қарори озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирувчи субъектларни рағбатлантириш ва уларнинг барқарор фаолиятини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда, – деди Ўзбекистон Фермерлар кенгаши раҳбари Актам Хаитов. – Қарорга мувофиқ, деҳқон ва фермерлар учун қатор имтиёзлар жорий этилди. Хусусан, 2026 йил 1 январдан озуқабоп ва мойли экинлар етиштирувчи субъектларнинг суғориш тадбирларида ўз балансидаги насос агрегатлари сарфлайдиган электр энергияси харажатларининг 50 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Илгари бундай имтиёз фақат пахта ва ғалла етиштирувчиларга тааллуқли эди. Эндиликда эса озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ҳам ушбу қўллаб-қувватловдан фойдаланиш имкониятига эга бўлмоқда.
[gallery-27803]
Семинарда, шунингдек, экин майдонлари унумдорлигини ошириш, қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатиш учун ажратилган ерлардан самарали фойдаланиш, мазкур ҳудудларда зарур инфратузилма тармоқларини барпо этиш ҳамда бу борадаги ҳуқуқий асослар хусусида атрофлича маълумот берилди. Таъкидланганидек, ушбу чора-тадбирлар озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш, ички бозор барқарорлигини таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА