Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида оммавий тадбирларда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш масалалари юзасидан соҳа мутахассислари ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳодимлари учун семинар-тренинг ўтказилди.
Семинар “EU CBRN CoE Project 87” халқаро лойиҳаси доирасида Республика Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда Европа Иттифоқи ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбирда халқаро лойиҳанинг озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича эксперти Жаски Гибней, Германиянинг GIZ халқаро ташкилоти эксперти Иан Лейч, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ректори Х.Юнусов, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббий ходимлар касбий малакасини ривожлантириш маркази гигиена кафедраси профессори Анатолий Худойберганов ва бошқалар мавзу юзасидан ўз фикрларини билдирди.



Қайд этилишича, сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари 200 га яқин касалликларга, жумладан, саратонга ҳам олиб келиши мумкин. Айниқса, бугун дунё миқёсида озиқ-овқат хавфсизлиги глобал масалалардан бирига айланаётган бир пайтда маҳсулотларини тайёрлаш ва истеъмолчиларга етказиб беришда соҳа мутахассисларидан жуда катта масъулият талаб этилади. Шу нуқтаи назардан мазкур семинар юртимизда шу соҳада фаолият юритаётган мутахассисларнинг оммавий тадбирларда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини назорат қилишнинг замонавий усуллари бўйича тренинглар ўтказиш, ишлаб чиқариш корхоналарида санитария ва хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилишнинг самарали усулларини ишлаб чиқиш ва кенг оммалаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Ғ.ҲАСАНОВ,
ЎзА