Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзини ўзи идентификациялаш тизими ривожланмоқда
11:01 / 2021-04-30

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ўзсаноатқурилишбанк»да бизнес жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш истиқболларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Унда жорий йилда CRM тизими ҳамда кредит конвейери жорий қилиниши айтиб ўтилди.

PEGA SYSTEMS платформасида амалга ошириладиган ушбу тизим мижозларни жалб қилиш ва улар билан муносабатларни бошқариш, хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишда қўл келади. CRM тизимини жорий қилишда мижозлар таснифланади. Салоҳиятли мижозлар базаси яратилади. Ҳар бир мижоз ҳақида маълумотлар базаси шакллантирилади. Ходимларнинг иши оптималлаштирилиб, назоратга олинади. Вазифаларни амалга ошириш вақтни инобатга олган ҳолда режалаштирилади. Бунда вақтни белгилаш маълум бир ҳодисага нисбатан белгиланади. Мунтазам такрорланадиган жараёнларни автоматлаштириш орқали вақтни тежашга ва ходимлар меҳнати самарадорлигини оширишга эришилади. Ички ва ташқи маълумотлардан унумли фойдаланиш натижасида барча маҳсулотларни сотиш учун ягона ойна, call-center, customer view 360 (мижозларнинг тўлиқ маълумотини кўра олиш), мижозлар билан муносабатлар, сегментация, ҳужжатларни сақлаш учун алоҳида база яратилади.

Кредит конвейери хизматининг жорий қилиниши билан кредит маҳсулотларини сотиш жараёнининг самарадорлиги оширилади. Мижознинг кредитга лаёқатлилигини автомат ҳисобловчи скоринг ва рейтинг тизими йўлга қўйилади. Кредит аризасини кўриб чиқишнинг ҳар бир босқичи давомийлигини кузатиш, жараённинг барча иштирокчилари учун KPI белгилаш ва кузатиш, умуман, кредит маҳсулотини сотишни бошқариш ҳамда жараённинг максимал шаффофлиги таъминланади.

Қайд этилишича, айни пайтда банк тизимида барқарор даромад манбаларини аниқлаш, молиявий назоратни кучайтириш мақсадида «Бюджетлаштириш» дастурий мажмуасини жорий этиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Германиянинг SAP дастури асосида амалга оширилаётган 15 босқичли ушбу лойиҳанинг шу кунга қадар 9 та босқичидаги ишлар муваффақиятли якунланди. Лойиҳани жорий этиш банк молиявий стратегиясини ривожлантириш ва ресурс базасини мустаҳкамлаш билан бир қаторда мижозларга қулайлик яратишда ҳам кўп имкониятлар беради. Хусусан, банк маҳсулотлари ва хизматларининг ҳақиқий қийматини аниқлаш, мижозга йўналтирилган шаффоф банк маҳсулотлари яратилишини қўллаб-қувватлаш, банк маҳсулотлари таннархини пасайтириш ҳамда кам рентабелли банк маҳсулотларини аниқлаш ва уларни ривожлантириш йўналишларини белгилашнинг оптимал йўли юзага келади.

– Умуман, 2021 йилги устувор вазифаларимиз кўлами кенг, – дейди «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ бошқаруви раиси ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Беҳзод Бозоров. – Жорий йилда операцион йўқотишлар ва кредит таваккалчиликларини пасайтириш имконини берувчи скоринг модели ривожлантирилади, электрон савдо майдончаси кенгайтирилади (2021 йилда янги 500 та, 2022 йилда – 1000 та савдо-сервис корхоналар ва ишлаб чиқарувчиларни жалб қилиш, маҳсулотлар турини 1 млн.гача етказиш кўзда тутилган), WAY4 карта процессинги билан интеграциялашув лойиҳаси жорий этилади, электрон савдо майдончаси орқали ипотека кредитларини ажратиш йўлга қўйилиб, мижозларга банк офисларига бормасдан 20 йил муддатга банк кредитини расмийлаштириш ва қурилиш билан шуғулланувчи тадбиркорларга ўз харидорлари учун тайёр ечимлар таклиф этиш имконияти берилади.

Шунингдек, савдо-сервис корхоналари ва ишлаб чиқарувчилар ҳудудида «Смарт офис»лар ташкил этилади. Бу ерда тач-скрин экранлар ва картоматлар ёрдамида банк маҳсулотлари ва хизматларидан фойдаланиш мумкин бўлади. Масалан, мижоз янги банк картасини «Смарт офис» ҳудудида 10 дақиқада олиш имконига эга бўлади. "090 картаси" лойиҳаси амалга оширилади. Истеъмолчига кредитларни 90 кунга «ноль» фоизларда олиш имконияти яратилади. Бу эса истеъмолчилар талаби ортишининг ҳисобига савдо-сервис корхоналари ва ишлаб чиқарувчилар савдосини 20 фоизгача оширади.

Банк томонидан ўзини-ўзи идентификациялаш тизимини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маълум қилинишича, масофавий идентификациялаш механизмининг амалиётга татбиқ этилиши натижасида банкда масофадан кўрсатиладиган хизматлар сонини ошириш имконияти янада кенгаяди. Идентификациялашни биометрия асосида ривожлантириш йўналишида эса FaceID ва FingerID ёрдамида аниқлашни йўлга қўйиш операцион таваккалчиликларни пасайтириш имконини беради.

Мухтасар айтганда, «Ўзсаноатқурилишбанк»да бизнес жараёнларга ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш кўлами ниҳоятда кенг бўлиб, мазкур чора-тадбирлар Халқаро молия корпорацияси ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда олиб борилаётган Банкни трансформация қилиш дастурининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.

Трансформация жараёнларидан кўзланган асосий мақсадлардан бири эса, банк томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг мижозга йўналтирилганини таъминлаш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун энг қулай банк хизматлари кўрсатилишига эришишдан иборатдир.

  Реклама ҳуқуқи асосида