Аёз бобо қиличини ялонғочлаб келиши билан турли касалликлар авж олади. Айниқса, “грипп” вируси урчигандан урчийди. Кимдир тумов, кимдир томоқ оғриқ, яна кимдир иситмалаган, қуруқ йўтал ва ҳоқазо. Ана шундай пайтда кўпчилик, деярли 90 фоиз аҳоли шифокорга мурожаат қилиш ўрнига, дорихоналарга югуради. Турли хил дори-дармонларни назоратсиз қабул қилиб, ўзини ўзи даволашга ўтади.
Ўзини ўзи даволаш ҳар доим ҳам ижобий самара беравермайди. Аксинча бир қатор салбий асоратларга олиб келиши ҳам мумкин.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали директори Тохир Мусоев билан суҳбатимиз шу ҳақида бўлди.
– Ўзини ўзи даволашнинг асосий хавфи нимада?
– Шифокор сифатида мен дарҳол огоҳлантирмоқчиман: “Сиз ўзингизни даволай олмайсиз”. Тўғри, одамда енгил безовталик бўлган ҳолатларда “Ацетилсалицил кислотаси” ёки “Парацетамол” каби оғриқ қолдирувчи воситалар симптомларни бартараф этишга ҳамда иш, машғулотлар ва ҳаёт сифатини пасайтирмасдан тезда тикланишига ёрдам беради. Аммо, бу ҳамма ҳолларда ҳам эмас. Гап шундаки, бош оғриғи ва ҳолсизлик симптомлари остида артериал гипертензия, анемия, ўткир респиратор вирусли инфекциялар, грипп ва бошқа кўплаб касалликлар яширинган бўлиши мумкин. Қабул қилинган “Ацетилсалицил кислотаси” таблеткалари симптомларни “ниқоблаши” ва инсонни оғир асоратларгача олиб келиши мумкин.
Нима учун аҳоли шифокорга боришни истамайди, бунинг омил ва сабаблари нимада деб ўйлайсиз?
– Поликлиникада шифокорга учрашиш учун сиз қабулхонада бироз вақт навбатда туришингиз, кейин лаборатор таҳлиллар топширишингиз керак, буларнинг барчаси учун сиздан сабр-тоқат ва бирозгина вақт талаб этилади. Табиийки, бу сизга ёқмайди. Шу сабабдан, беморга дорихонага бориш, фармацевтдан маслаҳат сўраш, керакли дори-дармонларни олиш ва даволанишни ўзи бошлаш “осонроқ” бўлиб туюлади. Одатда шифокорга аллақачон ҳолсизланган ва соғлиғини йўқотган беморлар мурожаат қилишади. Шуниси ачинарлики, ёш болаларда мавсумий ўткир респиратор инфекциялар авж олганда, ота-оналар томонидан турли хил тана ҳароратини туширувчи ва яллиғланишга қарши дори воситаларини шифокор маслаҳатисиз пала-партиш ишлатиш натижасида қатор асоратлар кузатилмоқда. Асоратлардан энг оғири ўткир буйрак етишмовчилиги бўлиб, бемор болани сунъий буйрак (гемодиализ) аппаратига улаш ҳолатлари кўпаймоқда.
Бундай вазиятнинг қатор сабаблари мавжуд: биринчидан, вақт, куч ва асаблар тежалади. Иккинчидан, дори-дармонларни реклама қилиш жуда кучайиб кетган бўлиб, улар умуман реклама қилинмаслиги ва фақат шифокор томонидан белгиланиши керак. Яъни, шифокорларнинг баъзи вазифаларини телевидение, интернет ва оммавий ахборот воситалари ўз зиммаларига олган.
Муҳими, ўзини ўзи даволаш, инсоният даволовчи омиллар ҳақида билиб, улардан қандай фойдаланишни ўрганган давридан буён мавжуд. Бироқ, шу кунларда дори-дармонларни пала-партиш, назоратсиз истеъмол қилиб, ўзини ўзи даволаш фавқулотда жиддий ҳолатларга сабаб бўлаётгани ҳам бор гап. Бу жуда ташвишланарлидир.
– Дарҳақиқат, кенг реклама қилинаётган дорилар одамларнинг ўзини ўзи даволашга катта таъсир кўрсатмоқда. Мутахассис билан маслаҳатлашмасдан ҳар қандай таниқли дори-дармонларни қабул қилиш мумкинми?
– Масалан, АҚШда “Ацетилсалицил кислотаси” аҳолининг деярли учдан икки қисми томонидан қабул қилинади ва бу дори воситаси дорихоналарда рецептсиз сотилади. Бироқ, “Ацетилсалицил кислотаси” дан назоратсиз фойдаланиш ошқозон яра касаллигини қўзишига, ярадан қон кетишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун ҳар қандай дори воситасини назоратсиз ишлатиш соғлиқ учун салбий оқибатларга олиб келади. Агар дори воситасидан мунтазам фойдаланиш зарурияти туғилса, албатта, шифокор билан маслаҳатлашиш керак.
– Шифокор тавсиясисиз антибиотикларни қабул қилсангиз, қандай хавфли оқибатларга олиб келиши мумкин?
– Таъкидлаш лозимки, кўпгина касалликларда касалликни авж олишини олдини олиш ҳамда кейинги асоратлар келтириб чиқармаслик учун антибактериал препаратларни қабул қилиш жуда зарур. Аммо, фақатгина шифокор тавсияси билан. Агар инсон антибактериал дориларни ўзи қабул қилса, нотўғри тайинлаш ва нотўғри танланган дозаларда ишлатса, микробиоценоз бузилишига, унинг иммунитети сусайишига олиб келиши мумкин. Ва у ўз саломатлигига “секин таъсир этувчи бомба”ни жойлаштирганини билмайди. Албатта, антибиотиклардан фойдалангандан сўнг, одам “тузалиб кетгандай” ҳис қилади. Лекин бир ой ёки ундан камроқ вақт ичида инсон яна касалликка чалиниши мумкин. Бир ой ўтгач, касаллик яна қайталанади ва ҳоказо. Яъни, йил давомида ўткир респираторли инфекциялар, бронхит, томоқ оғриғи такрорланиши мумкин. Бу антибиотиклардан такрорий фойдаланишга олиб келади. Бу иммунитетнинг пасайишини англатади ва бу такрорланаверади. Ҳолбуки, антибиотиклардан фойдаланишдан кейинги замбуруқ инфекцияси, аллергия ривожланиши, дорили гастрит, токсик гепатит, қон ҳосил бўлишидаги бузилишлар, колитларни эслаш жоиздир. Аста-секин инфекция антибиотикларга ўрганиб қолади ва антибиотикларга чидамли инфекция штаммлари ривожланиши мумкин. Аллақачон дунёда барча антибиотикларга чидамли инфекциялар ҳолатлари қайд этилмоқда. Арифметик прогрессияда ўта чидамли инфекция бутун дунё бўйлаб тарқаладиган кун узоқ эмас. Шундай қилиб, фақат шифокор тавсиясидан кейингина антибиотиклар курсини бошлаш керак.
Ўзини ўзи даволаш бу хавфли. Албатта шифокорга мурожаат қилинг.
ЎзА мухбири Зариф Комилов суҳбатлашди