Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзини ўзи банд қилганлар учун ижтимоий солиқ миқдори оширилди
15:39 / 2026-02-09

Сўнгги йилларда ўзини ўзи банд қилган фуқаролар сони кескин ошиб бормоқда. Уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва келгусида пенсия таъминотини кафолатлаш мақсадида қонунчиликка муҳим ўзгартишлар киритилди.

Хусусан, ижтимоий солиқ миқдори қайта кўриб чиқилиб, тадбиркорлар фаолиятига оид айрим чекловлар аниқ муддатлар билан белгиланди. Бу Президентимизнинг 2026 йил 5 февралда имзолаган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунда назарда тутилган.  

Қонунга мувофиқ, 2020 йил 20 октябрда қабул қилинган “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонуннинг 36-моддасига ўзгартириш киритилди. Унга кўра, ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан тўланадиган ижтимоий солиқ миқдори қайта белгиланди.

Янги тартибга кўра, аввал ойига БҲМнинг 50 фоизидан кам бўлмаслиги, энди ойига БҲМнинг камида 1 баравари, яъни ҳозирги ҳисобда 412 минг сўм белгиланди. Муҳим жиҳати, мазкур ижтимоий солиқни тўлаш мажбурий эмас, балки ихтиёрий ҳисобланади. Ушбу тўловни амалга оширган фуқароларнинг иш фаолияти даври пенсия стажига қўшиб ҳисобланади.

Қонуннинг 36-моддасига кўра, ўзини ўзи банд қилган шахслар ишлаган вақтидан қатъи назар ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқига эга. Ушбу маблағлар тўлиқ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади. Мазкур тўловлар асосида якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган тартибда пенсия ҳисобланади.

Расмий маълумотларга кўра, 2025 йил 1 июль ҳолатига Ўзбекистонда 5,5 миллион нафардан ортиқ ўзини ўзи банд қилган фуқаро рўйхатга олинган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 56 фоизга (2 миллион нафарга) ошган.

Шунингдек, Президентнинг 2025 йил 19 мартда имзоланган кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга қаратилган қарорига мувофиқ, ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати қайта кўриб чиқилди. Агар аввал ушбу рўйхатда 104 та фаолият тури мавжуд бўлган бўлса, 2026 йил 1 январдан бошлаб улар 72 тага қисқартирилди.  

Солиқ қўмитасига кўра, бундан кўзланган мақсад солиқ тушумларини ошириш эмас, балки тадбиркорлар учун тенг шарт-шароит ва соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳисобланади.

Қонунчиликдаги яна бир янгиликка кўра, судлар давлат органлари аризаси асосида тадбиркорлик фаолияти учун берилган лицензия ёки рухсатномаларни фақат 6 ойгача муддатга тўхтатиб туриши мумкин.

Бунда лицензия ва рухсатномаларни муддатсиз ёки чекланмаган вақтга тўхтатиб қўйиш амалиётига чек қўйилди. Ўзини ўзи банд қилганлар пенсия стажини шакллантириш учун ойига 412 минг сўм ижтимоий солиқни ихтиёрий равишда тўлаши мумкин.

Тадбиркорлик лицензиялари эндиликда чексиз муддатга эмас, қонун билан белгиланган аниқ муддатга тўхтатиб турилади.

Мазкур нормалар фуқаролар ва тадбиркорларнинг ижтимоий ҳамда ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган.

Ш.Маматуропова, ЎзА