Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзини ўзи банд қилган шахсга қандай имкониятлар мавжуд?
19:20 / 2022-12-19

Маълумки, ўзини ўзи банд қилган шахслар деб, ўз ишини ўзи топиб, уни ўзи бажариш орқали даромад кўрадиган жисмоний шахсларга айтилади. Уларнинг фаолияти «Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисида низом» билан тартибга солинади.

Хўш, ўзини ўз банд қилиш мақоми нимани англатади? Уни қандай амалга ошириш мумкин? Ўзини ўзи банд қилувчилар бир нечта вазифани бирваракайига танлаши мумкинми? Бу борадаги саволларга Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси раҳбари Отабек Нарзиев жавоб берди.  

– Меҳнатга лаёқатли ёшдаги ҳар бир жисмоний шахс, якка тартибдаги тадбиркорлардан ташқари, ўзини ўзи банд қилиши мумкин. Жумладан, улар репетитор, энага, сантехник, электрчи, сартарош, курьер, ҳунарманд, тикувчи, дастурчилар ва яна кўплаб касб эгалари бўлишлари мумкин. Ўзини ўзи банд қилувчилар якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтишлари шарт эмас.  

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 декабрдаги 806-сонли қарорига кўра, меҳнат даромади олишга йўналтирилган, жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича шахсий меҳнати билан иштирок этишга асосланган фаолиятни мустақил амалга оширадиган, якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида рўйхатга олинмаган, меҳнат стажи ҳисобга олиниши ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи билан давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказилган жисмоний шахслар ўзини ўзи банд қилган фуқаролардир.

– Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида маълумотнома нимадан иборат?  

– Ўзини ўзи банд қилган шахсга махсус мобил илова ёки шахсий кабинет орқали юбориладиган ва фуқаронинг ўзини ўзи банд қилган шахс сифатидаги меҳнат мақомини белгилаб берадиган электрон шаклдаги маълумотнома берилади.  

– Қандай ҳолатларда ўзини ўзи банд қилган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш ижтимоий солиқни ҳисоблаб чиқиш объекти ҳисобланмайди?  

– Ташкилотлар томонидан ўзини ўзи банд қилган шахсларни шартнома асосида бир марталик хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажариш бўйича фаолиятга жалб қилишга йўл қўйилади. Бунда ўзини ўзи банд қилган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш ижтимоий солиқни ҳисоблаб чиқиш объекти ҳисобланмайди.  

– Ўзини ўзи банд қилган шахс ўз меҳнат фаолиятини тўхтатса, билдиришнома қандай юборилади?  

– Агар ўзини ўзи банд қилган шахс ўз меҳнат фаолиятини тўхтатса, у ўз фаолиятини тўхтатгунига қадар давлат солиқ хизмати органига фаолиятни тўхтатиш тўғрисидаги билдиришномани махсус мобил илова ёки шахсий кабинет орқали юборади.  

– Ўзини ўзи банд қилган шахс билан ишлар (хизматлар) буюртмачиси ўртасидаги оғзаки шаклда битим (шартнома) тузиш мумкинми?  

– Ўзини ўзи банд қилган шахс билан ишлар (хизматлар) буюртмачиси ўртасидаги иш муомаласи одатларига асосланган ўзаро муносабатларда оғзаки шаклда битим (шартнома) тузишга йўл қўйилади. Шартнома шартларига асосланган ўзаро муносабатларда ёзма шаклда шартнома тузиш талаб этилади.  

– Ўзини ўзи банд қилган шахслар учун ижтимоий солиқ миқдори қандай? 

– Ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар, базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди ҳамда ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади. 

Гулноза Бобоева, ЎзА