Мамлакатимиз бўйлаб “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари ўтказилмоқда.
Жорий йил 1 мартда бошланган мазкур тадбир доирасида Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаментининг Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси томонидан тезкор тадбирлар ўтказилмоқда.
Прокуратура ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманида ўтказилган тезкор тадбирда алдов йўли билан 30 минг АҚШ доллар талаб қилган шахс қўлга олинди.
Аниқланишича, 1974 йилда туғилган фермер хўжалиги ишчиси муаммоси бор инсонларга ўзини “орган ходимиман” деб таништирган ҳолда уларни алдаб, чув тушуриб келган.
1985 йилда туғилган фуқаро жиноят ишини ижобий ҳал қилиб берадиган одам топилганидан мамнун бўлиб, қолаверса, ўзини “ДХХ ходими” деб таништирган шахсга ишонади. Бундан фойдаланган “уддабурон” бу фуқародан 30 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Келишилган кунда у Тошкент шаҳар Сергели туманида жойлашган кафеларнинг бирида айтилган пулдан аввалига 10 минг АҚШ долларини олган вақтда эса тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
ИИВ ахборот хизматидан маълум қилишларича, мазкур ҳолат юзасидан ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодекси 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28 орқали 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Н.Абдураимова,
ЎзА