Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, дунё аҳолисининг 15 фоизини ногиронлиги бўлган шахслар ташкил қилади, бугунги кунда уларнинг сони 1 миллиардга етган.
Мамлакатимизда эса 800 минг нафарга яқин ногиронлиги бўлган шахс истиқомат қилади.
[gallery-7647]
Шунга кўра, 2021 йил 7 июнь куни мамлакатимизда тарихий ҳужжат – БМТнинг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциясини ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди. Ушбу ҳужжат ижроси доирасида турли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги “Анҳор Локоматив” ҳиёбонида “Ўзингга ишон” шиори остида ногиронлиги бўлган ёшлар ўртасида инклюзив сайл бўлиб ўтди. Унда 800 нафарга яқин ногиронлиги бўлган ёшлар иштирок этди.
Ёшлар ишлари агентлиги, “Меҳрли қўллар” Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази билан ҳамкорликда ўтказилган мазкур сайл мамлакатимизда инклюзив жамият ғоясини тарғиб қилиш, ногиронлиги бўлган ёшларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини мустаҳкамлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ва мақсадли ташкил қилишга қаратилди.
Сайл доирасида 15 дан ортиқ йирик маданий ва интеллектуал танловлар, жумладан, интерактив зоналар, спорт мусобақалари, ногиронлиги бўлган ёшлар билан очиқ мулоқотлар, кўнгилочар тадбирлар, ногиронли бўлган ёшларнинг ҳунармандлик наъмуналари ярмаркаси, инклюзив лойиҳалар, паралимпиа совриндорлари, журналист ва блогерлар билан учрашувлар, “Матонатли она” номинацияси ҳамда концерт дастурлари ташкил этилди.
Тадбир давомида лойиҳаларда фаол иштирок этган ногиронлиги бўлган ёшлар тақдирланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА