English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзимни ҳеч қачон ногирон деб ҳисобламаганман
17:08 / 2023-09-10

Баъзан турмуш ташвишлари инсонни ҳолдан тойдиради. Ҳаётдан, тақдирдан нолиб қоламиз. Лекин яратганнинг ўзи сизу бизга раво кўрган тақдирнинг синовларидан ҳеч қачон нолимаслигимиз, доимо шукрона билан яшашимиз керак экан.

Қашқадарё вилояти Нишон тумани “Жануб машъали” маҳалласида яшовчи Асрор Қурбонов 11 ёшлигида электр токи сабаб чап қўлидан ажралиб қолди. Бир қўлсиз ўтган болалик йилларининг анчагина қисми машаққатли ўтди унинг учун. Лекин бора-бора тақдирига кўникди. Соғломлар ўртасида ўз ўрнини топишга интилди.  

– Қўлимдан ажралган дастлабки йилларда дунё кўзимга қоронғу бўлиб қолди. Бола қалбим билан умидсизликка тушиб қолдим, – дейди Асрор Қурбонов. – Чунки ўзим кийина олмасдим, овқатлана олмасдим. Онам едириб қўярди. Одамлар мени кўрганда ачиниш ҳисси билан қарашганда асабийлашардим. Мактабга бормай қолган пайтларим кўп бўлган. Синфдош дўсларимдан уялардим.  

Ҳа, Асрор Қурбонов бугун тўрт муччаси соғ инсонлар эплолмайдиган ишларни бажаряпти. Йиллар ўтиши натижасида ота-онаси кўмаги ва яқинлари далдаси билан у яна секин-секин ўз тенгқурларига қўшила бошлади. Орадан бироз вақт ўтиб боғбончилик ва деҳқончилик соҳасига қизиқди. Ерга илк бор тарвуз уруғини қадади. Ўшанда у 13 ёшда эди. Деярли 10 йилдан буён ўзининг маҳалласи атрофидан ижарага ер олиб мавсумда турли полиз маҳсулотларини ҳам етиштиради. Ҳалол пешона тери орқали топиладиган соф даромад эса 30 миллионга яқин. Йилнинг 4 фаслида ҳам ҳаракатдан тўхташ йўқ. У ўз ҳовлисида 3 сотих ер майдонида иссиқхона барпо қилган.

[gallery-13517]

– 2007 йил уйландим. 2008 йил биринчи фарзандимиз қиз бўлди. Исмини Севинч қўйдик. Қизим қачон “дада” деса ўзимни ногиронмасман дердим, – дейди қаҳрамонимиз. – Шундан кейин ҳаракат қилдим. Болаларни боқиш керак. Кийинтириш керак, яхши ўқитиш керак. Ўзимни ногиронман деб ҳисобламайман. 3 нафар фарзандим бор. 6-7 йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланамиз. Иссиқхонамиз бор. Олдинлари помидор бодринг экардик. Эртачи чиқарардик. Бир йилга 3 марта ҳосил олардик. Ҳозир қулупнайнинг серҳосил навларидан экдик. Буни ҳам даромади яхши. Шуни изидан уй қуряпмиз. Тўй қиляпмиз. Болаларни ўқитяпмиз. Нолимаймиз. Меҳнат қилса ҳамма нарсага эришса бўлади. Уни изидан ҳамма нарса келади.  

Асрор Қурбонов учун оила аъзолари энг катта умид манбаи. Уларнинг қўллаб-қувватлашини доим ҳис қилиб туради. Шу боис интилишдан сира тўхтамайди.  

– Ота-онам бор худога шукр. Аёлим билан биргаликда иш қиламиз. Доим мен билан бирга, – дейди у. – Оғир-енгил ишларда кўмаклашади. Қишда “котёл” ёқамиз иссиқхонага. Бундан бошқа тадбиркорлигимиз ҳам бор. Аёлим ҳунармандчилик қилиб пайпоқлар тўқийди. Мен ўзимни ҳеч қачон ногирон деб ҳисобламайман. Ҳамма нарса қўлимдан келади аллоҳга шукр. Қўлимнинг йўқлиги билинмайди. Болаларим дастёр бўлиб қолган. Умуман билинмайди. “Дадажон тўхтаб туринг, ўзимиз қиламиз дейди. Ёшлигимда билинарди бир қўллаб ишлаш. Ҳозир билинмайди. Болаларим, аёлим қўлтиғимдан кирди ва менинг қўлимга айланишди. Биргаликда ҳамма ишни эплаяпмиз. Бекорчимиз йўқ. Чиққан маҳсулотларни ички бозорга сотяпмиз. Супермаркетлардан буюртмалар тушяпти. Даромади яхши шукр.

Қаҳрамонимиз деҳқончилик сир-асрорларини ўрганишдан чарчамайди. Доим янгилик қилишга ҳаракат қилади. Олдинлари иссиқхонада помидор, бодринг етиштирувчи тажрибали деҳқон дея кўпчилик маслаҳат сўраб келган бўлса, мана икки йилдирки қулупнайчиликда ҳам ижобий натижаларга эришмоқда.  

– Январда эккан қулупнайлар март ойидан ҳосилга кирди, – дейди А.Қурбонов. – Ҳосилини майгача сотдик. Ҳозиргача кўчат олишни якунлаяпмиз. Кўчатларини ҳам сотамиз. Кўчатларни каттароқ иссиқхонага экяпмиз. Энди октябрь ойининг охиридан яна кўчат олишни режалаштириб турибмиз бозорга чиқаришни. Бўш вақтимда болаларимга лаззатли таомлар ҳам тайёрлаб бераман. Аёлим ҳеч қачон юзимга солмаган ногиронлигимни. Шунинг учун бахтлиман. 16 йил бўляпти бирга яшаганимизга. Ҳаётимда хурсанд бўлган нарсам бошида яшашим қандай бўларкин, қандай овқат ерканман, деган ҳадик бўлган. Боиси қолган битта қўлим ҳам букилиб ишламай қолганди. Барибир юрагимда ишонч бор эди. Шу ҳислар менга куч берди. Инсон орзулардан тўхтамас экан. Мана бугун одамларнинг ҳожатини чиқарадиган ҳам бўлдим. Яратгандан нимани сўраган бўлсам ҳаммасини бирма бир бермоқда. Ер беллаш, дарахт кесиш, машина ҳайдаш ва ҳоказо, ҳаммасини бажараман.  

Асрор Қурбоновнинг таъкидлашича, унга энг катта кучни аёли беради. Эр-хотин биргаликда бугун 3 фарзандни тарбиялаб, бахтли ҳаёт кечирмоқда.

– Турмуш ўртоғим ҳаётда жуда меҳрибон ва самимий инсон. Турмуш қурганимизга 15 йилдан ошган бўлса, бир марта ҳам тортишиб қолмаганмиз, – дейди турмуш ўртоғи Гўзал Чалишова. – Доим ҳаммамизнинг хурсанд бўлиб юришимизни истайди. 7-8 йилдан буён иссиқхона қилиб, помидор бодринг экардик. Икки йилдан буён қулупнайчилик билан шуғулланяпмиз. Шу шароитда бўлса ҳам у киши жуда тиришқоқлар. Оиламизни яхшироқ боқиш учун доим интилади. У кишидан доим мотивация оламан.  

Қулупнайдан тортиб атиргулнинг 10 хилигача Асрор деҳқоннинг иссиқхонасида йилнинг исталган фаслида топилади. Бу борада қилган фидокорона меҳнатлари қадрланиб, 2020 йилда “Энг намунали томорқачи” кўкрак нишони билан тақдирланди.  

– Ушбу мукофот ҳам кўнглимни тоғдек кўтарди, – дейди А.Қурбонов. – Барибир рағбат яхшида. Эътибор ва ғамхўрликда эканинг фахр туйғусини тўлқинлантиради. Янада яхшироқ ишлашга ҳаракат қиласан ва шу орада кўп натижаларга эришасан. Туман ҳокимимиз ҳам доим эътибор қаратади. Бир гектар деҳқон хўжалиги учун ер ажратиб берган. Унга ҳам полиз экинлари экиб фойдаланамиз. Келгусида мана шу йўналишдаги ишларимизни янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз.  

Дарҳақиқат, мақсад эзгу бўлса, қолгани яратганнинг инояти билан барокатли бўлаверади. Бунга нишонлик тадбиркор Асрор Қурбонов фаолияти яққол мисол.

Ўлмас Баротов,

Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА.