French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзим танлаган номзодга ишонаман
16:51 / 2024-10-23

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёни 16 октябрдан республика бўйлаб барча сайлов участкаларида соат 9:00 дан очилди. Сайловчи сайлов куни ўз ҳудудида бўла олмаслиги сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланади.

Бухоро шаҳридаги 17-мактабда жойлашган 28-сайлов участкасида ҳам муддатидан олдин овоз бериш бошланди. Шу ҳудудда рўйхатда турувчи Обиджон Деҳқонов тиббиёт ходими. У 27 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтадиган семинарда қатнашиши керак. Шунинг учун Обиджон муддатидан олдин ўзи танлаган номзодларга овоз берди. 

– Мен ўз конституцион ҳуқуқимдан фойдаланиб, ўзим истаган номзодларга овоз бердим, – дейди сайловчи. 

– Оилам билан бошқа шаҳарга кетаётганим сабабли муддатидан илгари овоз бериш имкониятидан фойдаландим, – дейди фуқаро Ёқуб Ғайбуллаев. –Шу орқали ўз фуқаролик бурчимни бажардим. Юртимиз келажагига бефарқ эмасман ва аҳолини қўллаб-қувватловчи ишончли номзодга овоз бердим. 

Жондор туманидаги 204-сонли сайлов участкасида ҳар куни муддатидан олдин овоз берувчи фуқаролар кутиб олинмоқда. Сайлов участкасида комиссия аъзолари фаолияти ва фуқаролар овоз бериши учун шароитлар етарли. Муҳим сиёсий жараёнда барча участкалар қатори мазкур участка ҳам талаб даражасида жиҳозланган. 

Бухоро шаҳридаги 20-мактабда жойлашган 76-сайлов участкасида муддатидан олдин овоз бериш давом этмоқда. Азал Шукуров сайлов куни хизмат сафари билан бошқа вилоятда бўлишини билдирди. 

– Сайлов куни ўз ҳудудимда бўлолмаслигим сабабли муддатидан олдин ўзим ишонган номзодларга овоз бердим, – дейди Азал Шукуров. 

394-сон сайлов участкаси Шофиркон туман 2-умумтаълим мактаби биносида жойлашган. Участкада муддатидан олдин овоз берувчи фуқаролар келишда давом этмоқда. 

– Сайлов куни даволаниш учун бошқа шаҳарга кетаман, – дейди фуқаро Акмал Тошев. – Шунинг учун муддатидан олдин овоз беришга қарор қилдим. Мен сингари турли сабаб билан сайлов куни овоз беришда иштирок эта олмайдиган фуқароларга муддатидан илгари овоз бериш имкониятининг борлиги бизга анча қулайлик яратади. Маъқул деб билган номзод ёки партияга овоз бериб, ўз фуқаролик бурчимизни бажаришда бу айни муддао. 

394-сон сайлов участкаси комиссияси раиси Нафиса Очилованинг берган маълумотларига кўра, участкада овоз бериш жараёнлари шаффоф ва адолатли ташкил этилмоқда. Қолаверса, барча керакли техник жиҳозлар ва фуқаролар танишиши учун маълумот доскаси ҳам тайёрланган. 

– 27 октябрда кун бўйи ишда бўламан, – дейди Бухоро шаҳрида яшовчи Шаҳло Рустамова. – Шунинг учун муддатидан олдин овоз беришга келдим. Ўзим рўйхатда турган ҳудуддаги 75-сайлов участкасида ўзим танлаган номзодларга овоз бердим. 

– Сайлов куни ўз яшаш жойимда бўлиш имкониятига эга эмасман. Ўша куни хорижда бўламан. Шу боис муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқимдан фойдаландим, – дейди Бухоро туманидаги 17-мактабда жойлашган 139-сайлов участкасида муддатидан олдин ўзи танлаган номзодларга овоз берган Инобат Муртазоева. 

-27 октябрда бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови куни, афсуски, ўз яшаш жойимда бўлиш имкониятига эга эмасман. Лекин бу менинг сайловда қатнашиш имкониятимга тўсиқ бўлолмайди. Ўзим рўйхатда бўлган Бухоро шаҳридаги 8-мактабда жойлашган 6-сайлов участкасида муддатидан олдин ўзим истаган номзодларга овоз бердим, – дейди Ҳомид Баротов. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёни қизғин давом этмоқда. 

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.