Агар Бухоро томонларга поезд ёки машинада йўл олсангиз, бора-боргунча йўллар атрофини кузатиб ҳудудларда нима ўзгариш, қандай ободонлаштириш ишлари олиб борилаётганига гувоҳ бўласиз.
Авваллари бўш, ташландиқ ётган айрим ерларда боғлар барпо этилганини, замонавий турар жой ва ижтимоий объектлар қурилганини кўрасиз. Бир неча гектарлаб иссиқхоналар "пайдо бўлиб қолган"нидан ҳайратланасиз.
Масалан, Жиззах адирларидан ўтар экансиз, каттагина ҳудудда боғ ташкил этилибди, ўтқазилган кўчатлар яшнаб, узоқдан эътиборингизни тортади. Самарқанд йўлларига етар экансиз, жуда катта ободонлаштириш, қурилиш-бунёдкорлик ишлари жадал бораётганига кўзингиз тушади. Қорадарё атрофини ободонлаштириш учун кенг кўламли ишлар бошланган.
Бухоро қиёфасида ҳам ҳал гал қандайдир ўзгаришлар бўлгани яққол сезилади. Вилоятнинг чекка туманларидан бўлган Қоракўлнинг айрим кўчаларини эса танимай қоласиз — ўзгаришлардан «аввал бу ерда нима бор эдия», деб ўйланасиз бир нафас. Бир пайтлар Қоракўл марказига боришгача бўлган йўл атрофи қип-қизил чўл эди. Ҳозир бу ерларда янги корхоналар, турар-жой бинолари, тўйхоналар қад ростлаб, обод манзилга айланган... Қўйинг-чи, бу каби ўзгаришлар юртимизнинг ҳар бир марказу энг чекка ҳудудларида бўй кўрсатмоқда.
[gallery-8166]
Ўзида ғужур, юрагида ўти бор, шароитини яхшилашга ҳаракат қилаётган инсон борки, яхши яшашга, фаровон турмуш кечиришга эришмоқда, ўз қадри йўлида энг қулай имкониятлардан фойдаланишга интилмоқда. Зеро, "Ҳаракатда – баракат", дея бежиз айтилмаган.
Бугун одамларга "балиқ тутиб бериш эмас, балки доимий равишда балиқ тутишлари учун қармоқ бериш" амалиёти йўлга қўйилгани муҳим аҳамият касб этаётир. Тўғри-да, "Қўлдан берганга қуш тўймас", деганларидек, одамларга бир марта ёрдам бергандан кўра, уларнинг доимий даромад манбасига эга бўлишлари учун кўмаклашилгани фойдалироқ.
Бу борада давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалиётга татбиқ этилган секторлар, ижтимоий дафтарлар тизими, «маҳаллабай», «хонадонбай», «фуқаробай» ўрганиш ишлари, ҳар бир маҳаллада фаолияти йўлга қўйилган ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси кабилар қўл келмоқда.
Биргина ҳоким ёрдамчиси лавозимини олайлик. Давлат раҳбарининг 2021 йил 3 декабрдаги «Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида»ги фармонига кўра, 2022 йил 1 январдан ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овул, шунингдек, ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозими таъсис этилди.
Улар бугунги кунда ўз ҳудудида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича ишларни тизимли равишда ташкил этмоқда. Аҳолини, биринчи навбатда, ишсиз ёшларни, аёлларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашга ёрдам бермоқда. Аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиб, уй шароитида деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик, уруғчилик, кўчатчилик, гулчилик каби фаолият турларини йўлга қўйишга кўмаклашиб келмоқда.
Юртимизда халқ билан мулоқот тизими мунтазамлик касб этди. Бугун одамлар давлат ташкилотининг эшигини тақиллатиб бориб, дардини, муаммосини айтишига ҳожат қолмади. Аксинча, барча бўғиндаги мансабдорлар, вазир ва ҳокимлар, сенатор ва депутатлар ўзлари фуқаролар билан юзма-юз учрашиб, уларнинг дарду ташвишлари билан қизиқмоқда. Давлат органларининг барча эшиклари халқ учун, ҳар бир фуқаро учун очиқ — муаммо ҳам, таклиф ёки эътироз ҳам тингланмоқда, ечимлар топилмоқда.
Мамлакатимиз «Инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат» ғояси асосида Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидан борилмоқда. Бу йўлда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси йўлчи маёқ сингари ривожланиш сари ташланган одимларимизга дадиллик бахш этаётир. Ривожланиш стратегиямиз ёрқин келажак сари мақсадларимизни аниқ, тиниқ белгилаб берди. Уни амалга ошириш, эришилган ютуқларни мустаҳкамлаб, туб ислоҳот жараёнларини янги босқичга кўтариш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг қадри, шаъни ва ғурурини етакчи ўринга олиб чиқиш устувор вазифа сифатида олдимизда турибди.
Истиқлолнинг 31 йиллиги олдида туриб, босиб ўтган йўлимиз ҳамда келгусида мўлжаллаган юксак марраларимизни бирма-бир кўз ўнгимиздан ўтказар эканмиз, инсон қадри юксак юртда яшамоқлик тақдир қилиб берилганидан қувонамиз, бахтиёрлик туямиз.
Шу йилнинг 1 август куни Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, унга кўра бу йилги байрам тадбирлари «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» деган бош ғояни ўзида мужассам этган ҳолда ўтказиладиган бўлди.
Ушбу ғоя замирида ҳам инсондан азиз, унинг қадр-қимматидан зиёда, элдан устун нарса йўқлиги муҳрланган. Эл-улуси азиз бўлган, инсон манфаати устуворлик касб этган, тинч-осойишта юртда хотиржам яшаб, эркин фаолият олиб бориш ҳар биримизга шукроналик бағишлайди...
Муҳтарама Комилова, ЎзА