Озиқ-овқат тақчиллиги йўқ, савдо яна меъёрда
Бундай чоралар, албатта, ҳукуматимизнинг ўз халқига бўлган том маънодаги ғамхўрлиги ифодасидир.
Жорий йилнинг 18 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига коронавирус пандемиясининг юртимизда кириб келгани ва бу офатни енгиб чиқиш борасида давлатимиз томонидан барча чора-тадбирлар кўрилаётгани бўйича мурожаат билан чиқди.
Президентимиз таъкидлаганидек, вирус тарқалиб кетишининг олди олинди. Хориждан кириб келувчиларнинг барчаси тўлиқ карантинда.
Бундай чоралар, албатта, ҳукуматимизнинг ўз халқига бўлган том маънодаги ғамхўрлиги ифодасидир.
Биз, Ўзбекистон фуқаролари бирлашиб, якдиллик билан ушбу офатни енгишга ишонамиз.
Дарвоқе, коронавируснинг пандемия даражасига чиқиши кўпгина хорижий мамлакатларда аҳолининг саросимага тушиши, озиқ-овқат захираси шакллантиришга уриниши натижасида савдо масканларида нарх-навонинг ошиб кетиши кузатилмоқда. Юртимизда ана шундай хавотирли ҳолатларнинг олдини олиш, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг асоссиз оширилишига йўл қўймаслик мақсадида соҳа мутасаддилари томонидан чора-тадбирлар кўрилган.
Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотлари билан ўзини-ўзи таъминлай оладиган мамлакат. Миллий озиқ-овқат саноати мисолида олинса, юртимизда 12 минг дан ортиқ мева-сабзавот, гўшт ва сутни қайта ишловчи, қандолат, алкоголсиз ичимликлар ва ёғ-мой маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ва бошқа турдаги озиқ-овқат саноатига ихтисослашган корхоналар фаолият олиб бормоқда.
Бугунги кунда ушбу корхоналар ўз режимида ишламоқда. Корхоналарнинг аксариятида иш 1 навбатда ташкил этилган ва талабга қараб қувватларнинг 70 фоизидан фойдаланилмоқда. Яна қўшимча 30 фоиз қувватни ишга солиш ва ишни 2 навбатда йўлга қўйиш имконияти мавжуд.
Мамлакатимизда 98 фоиз озиқ-овқат маҳсулотлари маҳаллийлаштирилган. Деярли барча хомашё юртимизда етиштирилади. Четдан какао ва қаҳва донлари, цитрус мевалар каби маҳсулотлар импорт қилинади.
Яна бир маълумот, Наврўз байрами муносабати билан 15 мартдан юртимиз деҳқон бозорларида озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида “Озиқ-овқат ярмаркалари” ташкил этилди.
Мазкур ярмаркаларда “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳридаги истеъмол бозорларида Компания тизимидаги корхоналар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси ташкил этилган. Уларда харидорларга сифатли ва истеъмол учун хавфсиз бўлган гўшт, сут, қандолат маҳсулотлари, мева-сабзавот консервалари, салқин ичимликлар 20-30 фоиз арзон нархларда тақдим этилмоқда.
Шундай экан, озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлайди ёки тақчиллик бўлиши мумкин, деган хавотирга асло ўрин йўқ.
Малоҳат ҲУСАНОВА,
“Ўзбекозиқоватхолдинг” компанияси
Ахборот хизмати раҳбари.