«Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» Миллий тадқиқот университетида Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ давлатларини ривожлантириш бўйича университетлар консорциуми раиси, МДҲ давлатларининг етакчи қишлоқ хўжалиги олий ўқув юртлари ректорлари кенгашининг аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим кенгаши раиси ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ректори лавозимларида фаолият юритган иқтисод фанлари доктори, профессор Ўктам Умрзоқовнинг 70 ёши ва ёрқин хотираси муносабати билан хотира кечаси ўтказилди.
Хотира кечада университет ректори Баҳодир Мирзаев, университет профессори Оқил Салимов, Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев, Олий ва ўрта махсус таълими вазири Абдуқодир Тошқулов ва халқаро нуфузли меҳмонлар Ўктам Умрзоқовнинг ҳаёт йўли ҳақида илиқ фикрлар билдирди.
Кечада режиссёр Фурқат Усмонов бошчилигида суратга олинган олимнинг ҳаёт йўлига бағишланган ҳужжатли фильм премьераси ва ёзувчи Луқмон Бўрихон қаламига мансуб роман тақдимоти ўтказилди.
– Ўктам Умрзоқов ҳаёт йўлини ўрганар эканман, бир асарга арзигулик кўп маълумотларга дуч келдим, – дейди ёзувчи Луқмон Бўрихон. – Суҳбатдошларим Ўктам Умрзоқовнинг сахийлиги, одамийлиги ҳақида кўплаб воқеаларни сўзлаб берди. Романда олимнинг ҳаёт йўли, оиласи ва фаолияти ҳақида ибратли воқеалар киритилган. Орамизда шундай закий одам яшаб ўтди. Буни кимдир билди, кимдир билмади. Бу китоб ана шу билмаганлар учун яхши асар, билгувчилар учун эсдалик бўлиб қолади. Унинг «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» Миллий тадқиқот университети учун жонини жабборга бериб ишлагани, уни мамлакатимизда ва дунёда нуфузли университетлар қаторига олиб чиққанининг гувоҳи бўлдим. Шу муносабат билан университетга олим номи берилсин, дея таклиф қилиб қоламан.
Куннинг иккинчи қисмида олим хотирасига бағишланган “Construction Mechanics, Hydraulics and Water Resources Engineering – CONMECHYDRO 2022» номли халқаро илмий анжуман ўз ишини бошлади.
Анжуман қишлоқ ва сув хўжалиги, гидроэнергетика, қурилишни модернизация қилиш, инновацион ривожлантириш, ушбу соҳаларда илмий мактабларнинг узлуксизлигини таъминлаш ҳамда профессионал кадрлар тайёрлашнинг янги даражасини шакллантириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ўтказилмоқда.
Анжуман доирасида физика, қурилиш материаллари назарияси ва амалиёти, қурилишнинг ишончлилиги ва хавфсизлиги, муҳандислик, ақлли тизимлар, иншоотларни моделлаштириш, менежмент, гидротехника ва мелиорация, механизациялаш, бўйича очиқ ва мазмунли муҳокамалар режалаштирилиб, янги ғоялар ва ёндашувлар таклиф этилади.
Анжуманда 15 та йўналиш бўйича 200 тага яқин илмий мақолалар келиб тушган. Ушбу илмий мақолалар Ўзбекистон, Ўрта Осиё, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Туркия, Россия, Германия, Австрия, Франция, Полша, Литва ва Америка Қўшма Штатларининг олимлари томонидан тақдим этилган.
Халқаро анжуманда Нобел мукофоти лауреати Рик Лиманс ва бошқа етакчи олимларнинг илмий маърузалари тингланиш, илмий мақолалар тақдимоти муҳокамаси ўтказилиши режалаштирилган.
Д.Маматова, ЎзА