Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЎзХДП фракциясида бюджет ижроси кўриб чиқилди
21:28 / 2022-05-30

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда депутатлар томонидан бир қатор қонун лойиҳалари билан бирга Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил ҳамда 2022 йил биринчи чорак ижроси якунлари тўғрисидаги ҳисобот таҳлилий муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, дунёда кузатилаётган мураккаб вазият, кутилмаган иқтисодий ва молиявий қийинчиликларга қарамасдан ҳукумат томонидан аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш, молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан умумий харажатларнинг 54,7 фоизи миқдорида маблағ йўналтирилган. Ушбу маблағлар ҳисобидан аҳолининг эҳтиёжманд қатламларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва фаоллигини ошириш, оғир вазиятга тушиб қолган оилаларни қўллаб-қувватлаш, ишсиз фуқаролар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлиши учун имконият яратиш, соғлиғини тиклашга, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож юртдошларимизга зарурий ёрдамлар кўрсатилган.

Йиғилишда ҳукуматнинг кучли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон қадрини юксалтириш ва бошқа асосий йўналишлардаги кенг қамровли, масъулиятли фаолияти эътироф этилди. Шу билан бирга, фракция аъзолари муҳокамалар жараёнида ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағларнинг самарали, мақсадли сарфланиши масаласига алоҳида эътибор қаратишди.

Фракция аъзолари ҳисоботларда боқувчисини йўқотган, «Меҳрибонлик», «Мурувват» уйлари ва Болалар шаҳарчаларида тарбияланаётган болаларга ҳамда «Саховат» уйларига сарфланган харажатлар бўйича молиявий назорат ўтказилганлиги ҳақидаги ҳисоботлар етарлича очилмаганини танқид қилиб, мазкур йўналишларда шаффофликни ошириш, кейинги ҳисоботларда бу борада кенгроқ ахборот тақдим этиш юзасидан таклифлар беришди.

Шунингдек, депутатлар давлат бюджет ижросидаги камчиликларни келгусида бартараф этиш мақсадида ҳукуматдан, авваламбор, бюджет ижросига нисбатан танқидий ёндашувни кучайтиришни, масъул вазирлик-идоралар раҳбарлари зиммасига шахсий жавобгарликни юклашни, юзага келган салбий ҳолатларни чуқур таҳлилдан ўтказиб, очиқ ва таъсирчан чоралар кўриш бўйича ҳам таклифларни илгари суришди.

Кун тартибидаги масалалар атрофлича кўриб чиқилиб, фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

ЎзА