Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЎзХДП фракцияси: қонун лойиҳасини имкон қадар тезроқ қабул қилиш зарур
19:21 / 2021-05-17

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фракция аъзолари бир қатор қонун лойиҳаларини муҳокама қилди.

Йиғилишда “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш ҳақида (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь)”ги қонун лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Сабаби – Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида айнан шу масалада таклиф билдирган эди. Шулардан келиб чиқиб, ундаги нормалар атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Конвенция йигирма биринчи асрда қабул қилинган инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги биринчи шартномадир. Ушбу ҳужжатда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари, хусусан, уларнинг яшаш, фуқаролик, ҳуқуқий ҳимояланиш, таълим олиш, саломатликларини сақлаш, бошқалар билан тенг равишда меҳнат қилиш, сиёсий, ижтимоий, маданий ҳаётда, бўш вақтни ўтказиш, дам олиш ва спорт билан шуғулланишда иштирок этиш, ўзлари ва оиласи учун етарлича турмуш шароитига эга бўлиш ва ижтимоий ёрдам ҳуқуқлари эътироф этилган ва уларни амалга оширишнинг ҳуқуқий кафолатлари белгиланган.

Ўзбекистон Ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Конвенциясига 2009 йилда имзо чеккан. Аммо уни муваффақиятли амалга ошириш учун зарур бўлган ратификация масаласи чўзилиб кетди.

Ўзбекистон ХДП ногиронлиги бор шахсларнинг ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш масаласига доимий эътибор қаратиб келади. Депутатлар Конвенция ратификацияси билан боғлиқ қонун лойиҳасини имкон қадар қисқа муддатларда қабул қилиш зарурлигини таъкидлади.

Н.Насриев, ЎзА