Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЎзХДП фракцияси: қонун лойиҳаси бўйича савол очиқ қолди
18:09 / 2021-03-02

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Йиғилишда “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси атрофлича таҳлил қилинди.

Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш ушбу қонун лойиҳасининг мақсади ҳисобланади.

Аввало, таъкидландики, Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақоми билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар 25 дан ортиқ қонун ости ҳужжатларига асосланади. Бу соҳада қонун қабул қилинмаган. Амалдаги ҳужжатларда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақоми етарлича мустаҳкамланмаган, уларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятлари, шунингдек, жавобгарлиги чегараси белгиланмаган.

Депутатлар шуларни ҳисобга олган ҳолда қонун лойиҳасининг бугунги кунда жуда долзарб аҳамият касб этишига урғу берди. Уни ҳар томонлама такомиллаштириш, барча ҳуқуқий масалаларни тўлиқ қамраб олиш бўйича таклифлар билдирилди.

ЎзХДП фракцияси аъзоси Фирдавс Шарипов чет эл фуқаролигини олган юртдошимиз вафот этганидан кейин Ўзбекистон Республикаси ҳудудида дафн этилишини истаса, бундай ҳолатдаги ҳуқуқий масалалар қай йўсинда ҳал қилиниши ҳақида масъул қўмита ва ташаббускорларга савол билан юзланди.

Маълум бўлишича, ушбу қонун лойиҳасида, шунингдек, “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида ҳам бу масала назарда тутилмаган.

Фракция аъзолари сайловчилар билан учрашувлар давомида ҳам шу савол кўтарилаётгани, қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасининг навбатдаги муҳокамасига киритишгача бўлган жараёнда унга ҳамкорликда жавоб топиш бўйича таклиф берди.

Депутатлар шу таклифни қайд этган ҳолда, қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади.

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА