Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Озгина "ҳаволанган" спортчи тақдир томонидан жазоланади" – Пoветкинни мағлуб этган ўзбек боксчиси...
17:50 / 2022-02-08

Юртимиз бокс ишқибозлари Рустам Саидовни яхши билади. Ҳаттоки дунё ҳаваскор бокс оламида ҳам унинг номи кўпга таниш. Катта спортдаги фаолияти мобайнида Саидов 1999 йилдан 2007 йилгача энг оғир вазнда Ўзбекистон терма жамоасининг етакчи боксчиси сифатида фаолият юритган.

Икки марта қитъа ўйинлари ва қитъа чемпионатининг ғолиби, олимпия ўйинлари (2000) ва Жаҳон чемпионати (2003) бронза медали соҳиби ҳамда ўнлаб халқаро турнирларнинг ғолиблигига эришган Рустам Саидов айни пайтда бокс бўйича Малайзия терма жамоасининг бош мураббийи бўлиб ишламоқда.

Яқинда у пойтахтимизда ўтган қитъа чемпионатида Малайзия терма жамоасининг бош мураббийи сифатида иштирок этди. Мусобақалар жараёнида Рустам билан боксда ўтказган жанглари, мураббийлик фаолияти, Ўзбекистон боксчиларининг ютуқ ва муаммолари ҳамда бугун дунё ҳаваскор боксида рўй бераётган ўзгаришлар хусусида суҳбатлашдик.

– Рустам, билишимизча, сиз Чирчиқ олимпия коллежида бокс бўйича бош мураббий бўлиб ишлаётгандингиз. Малайзия терма жамоасида фаолият бошлаш жараёни қандай бўлди?

– Ҳаёт ҳамиша ўзгаришлардан иборат. Бир жойда тўхтаб қолсангиз ўсиш бўлмайди. Катта спорт билан хайрлашиб мураббийлик қила бошлаганимдан кейин бир қатор давлатлардан таклифлар тушди. Рости, хорижий мамлакатларга кетиб ишлашни 6-7 йилдан бери ортга суриб келаётгандим. Аммо вақт ўтган сайин турмуш ташвишлари, оилавий шароитни яхшилаш истаги кўнглимга тинчлик бермай қўйганди. Шунинг учун ўтган йилнинг бошида Малайзия бокс федерацияси вакиллари билан келишув асосида ҳар иккала томонга маъқул бўлган шартномани имзоладим. 

– Бугунги кунда Чирчиқ олимпия коллежи тарбияланувчиларининг юқори даражага чиқишида сизнинг ҳам хизматларингиз бор. Шогирдларингизнинг бугунги натижалари ҳақида нима дея оласиз?

– Чирчиқ олимпия коллежида мураббий бўлиб ишлаган кезларим бир қатор боксчиларга машғулотлар ўтганман, чарм қулқоп сирлари билан ошно тутинишида кўмаклашганман. Улар орасида олимпия ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионлари, профессионал боксда катта натижаларга эришиб келаётганлар ҳам бор. Ҳамма ҳаммаси истеъдодли боксчилар. 

– Боксдаги фаолиятингиз мобайнида россиялик Романчукка 2005 йилги Жаҳон чемпионатида имкониятни бой бергандингиз. Бу спортчи самарқандлик устозингиз Михаил Романчук билан қариндош эмасмиди, мобода?

– Аввалига ўзим ҳам шундай, деб ўйлагандим. Кейинчалик билсам, ундай эмас экан. Лекин устозларимни эслатганингиз учун раҳмат. Михаил Романчук ва Николай Анфимовдек маҳоратли мураббийларнинг шогирди эканлигимдан фахрланаман.

– Негадир кейинчалик профессионал боксда фаолият юритмадингиз ёки яхши таклифлар бўлмадими?

– Ёшлигимда бокс билан шуғулланишга онам қаршилик кўрсатган, лекин машғулотларга боришни тўхтатмаганимдан кейингина рухсат берган эди. Аммо ўшанда битта шарт билан – профессионал боксга ўтмаслигим қатъий талаб қилинган. Раҳматли онамнинг сўзи қонун бўлди. АҚШ ва Европанинг бир нечта давлатларидаги профессионал бокс клубларидан таклифлар тушди. Ҳаммасига рад жавобини бердим. Тўғри, 6 ойча Жанубий Кореядаги ярим профессионал клубда фаолият кўрсатдим. Лекин бари бир онамнинг талабидан чиқиб кета олмадим.

– 2003 йили Бангкокда ўтган Жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киртгансиз. Ўшанда россиялик собиқ жаҳон чемпиони Александр Поветкин билан жанг ўтказгандингиз. Ўша кунларни қандай хотирлайсиз, Поветкин билан неча бор рўбарў келгансиз?

– Александр кучли боксчи. У билан рингда уч марта тўқнаш келганмиз. Иккитасида мени қўлим баланд келган. 2003 йилги Жаҳон чемпионатида эса ярим финалда у мени очколар ҳисобига енгган. Аммо ўзимнинг ҳисобим бўйича уни ютгандим.

– Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар таркибида эдингиз. 2019 йилдан аёллар термасида ишладингиз. Ўғил болалардан кўра қиз болалар билан ишлашга нима сабаб бўлди?

– Бу бош мураббийнинг қарори билан бўлди. Очиғи, бош мураббий билан келиша олмадим. Балки ишлаш тартибим ёқмагандир ёки менинг ўрнимга бошқа тажрибалироқ, гапига қулоқ соладиган мутахассисни мўлжаллагандир. 

– Нега 2020 йилдан Ўзбекистон терма жамоа мураббийлар штабида кўринмай қолдингиз?

– Сабабни ўзим ҳам тушунмадим. Ўқув-машғулот йиғинларига чақирмай қўйишди. Шундан сўнг бошқа ишлар билан шуғулланиб кетдим.

– Ўзбекистон боксчилари 2016 йилги Рио олимпиадасида, 2019 йилги Жаҳон чемпионатида дунёнинг энг кучли жамоаси эканлигини кўрсатди, аммо Токио олимпиадасида ва 2021 йилги Жаҳон чемпионатида кўзланган натижаларга эриша олмадик. Бундай кўтарилиш ва пастлашнинг сабаби нимада?

– Жаҳонда кучли рақобат кетмоқда. Бир қатор мамлакатларда маҳоратли бокс мутахассислари ишламоқда, ҳар бир боксчининг ишлаш тизимига қўшимча юкламалар кириб келмоқда. Рио олимпиадасида юртимиз боксчиларининг жаҳон ҳаваскор боксининг энг юқори чўққисига чиқиши ўз-ўзидан бўлмаган. Катта меҳнат ва бир мақсад атрофида ишлайдиган мураббийлар, мутахассислар шаклланганлиги туфайли ютуққа  эришилди.

2019 йилги Жаҳон чемпионатидаги ғалабалар эса айнан 2016 йилги олимпия ўйинларидаги натижанинг мантиқий давоми ва ҳукуматимиз ҳамда Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан терма жамоанинг ўқув-машғулот йиғинларига етарли шарт-шароит яратиб берилганлигидан бўлди.

Токио-2020да ва Сербиядаги Жаҳон чемпионатидаги натижа эса иш тизимимиз ўша Рио ҳолатида қотиб қолганлигидан далолат, деб ўйлайман. Яна бир гап. Бокс ўз фалсафасига кўра, манманликни кўтармайди. Озгина "ҳаволанган" спортчи вақти келиб тақдир томонидан жазоланади. Спортчи ўзини ҳар жиҳатдан ислоҳ қилиб бориши керак. 

– Ўзбекистон терма жамоасида бугунги кунда етакчи боксчилар, деб кимларни айта оласиз?

– 54 кг.да Шаҳобиддин Зоиров, 57 кг.да Миразиз Мирзахалилов, 75 кг.да Саиджамшид Жафаров ва 92 кг. оғирликда Мадиёр Саидраҳимов нафақат ўзбекистонлик боксчилар орасида, балки дунё рейтингида ҳам техник-тактик ва руҳий жиҳатдан кучли боксчилар ҳисобланади. Улар Париж олимпиадасида мўъжиза кўрсатишига ишонаман. Фақат машғулот тактикаси тўғри олиб борилса бўлгани. 

– Яқинда Тошкентда якунланган 22 ёшгача бўлган боксчилар ўртасидаги қитъа чемпионатида Малайзия терма жамоаси мураббийи сифатида қатнашдингиз. Малайзиялик боксчиларнинг натижаси қандай бўлди?

– Малайзияда боксчиларнинг техник-тактик ҳолати бизникидек юқори эмас. Уларда энди эътибор қаратилмоқда, лекин малайзиялик ёшлар орасида ҳам истеъдодлилар етарлича. Тарбияласа, кучли боксчилар етишиб чиқади. Тошкентда ўтган қитъа чемпионатида Малайзия терма жамоасининг битта аъзоси бронзали бўлди. Иштирокчиларнинг кам бўлганлиги сабаб қуръа натижасига кўра илк саралашда кучлилар билан тўқнаш келишди. Бу боксчиларнинг "очилишига" халақит берди. 

– Ўзбекистонда ўтган қитъа чемпионатидан кутилган натижа қандай эди?

– Малайзия бокс федерацияси олдимизга катта мақсадларни белгиламаганди. Асосийси, кўпроқ жанглар ўтказиб, тажриба ошириш талаб қилинди. Бунга эришдик, деб ўйлайман.

– Ўзбекистон ва Малайзия боксида қандай фарқ ва ўхшаш жиҳатлар бор?

– Дунёдаги энг юқори техника ва тактикага эга бокс мактабларидан бири ўзимизда ҳисобланади. Ҳар бир вазнда камида 5-6 та кучли боксчилар бор. Малайзияда бокс энди ривожланяпти. Бу мамлакатда боксни оёққа қўйиш учун уларнинг техник-тактик, руҳий жиҳатлари устида ҳали кўп ишлаш керак. 

– Малайзия терма жамоасининг бош мураббийи сифатида ишлаш шартномангиз қанча муддатга тузилган?

– 2022 йилнинг сўнггигача шартнома тузганман. Уларнинг талаби шу йил Хитойда ўтадиган қитъа ўйинларида малайзиялик боксчиларни совринли ўринларга олиб чиқиш. Фикримча, бу режани бажарамиз. Ҳар қандай меҳнаткаш аскар генерал бўлишни орзу қилганидек, ҳар бир боксчининг орзуси чемпион бўлиш. 

– Сир бўлмаса, Малайзия бокс федерацияси билан тузган шартномангизнинг иқтисодий томонлари қандай?

– Шу масалада гаплашмасак. Бу, икки томонлама тузилган шартнома. Очиғи, Малайзияга оиламнинг иқтисодий ва молиявий аҳволини яхшилаш учун кетганман.

– Агар бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар кенгаши сизни терма жамоада ишлашга чақирса, қайтармидингиз?

– Билмадим, чунки Малайзия бокс федерацияси билан жорий йил охиригача тузилган шартномам бор. Улар менга ишонч билдиришган. Уни эса суиистеъмол қилишни ёмон кўраман.

– Малайзия боксчиларини Осиё ва Олимпия ўйинларига тайёрлаш стратегиялари ишлаб чиқилганми?

– Аввал бундай дастур бўлмаган экан. Бу йилдан эътиборан Малайзия боксчиларини Париж-2024 ва Ханчжоу-2022 ўйинларига тайёрлаш стратегияси ишлаб чиқилди. Ҳозир шу дастур асосида иш олиб бормоқдамиз.

– Рустам, вақт ажратганингиз учун раҳмат.

– Сизга ҳам ташаккур. 



Тўлқин РЎЗИЕВ суҳбатлашди, ЎзА