Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида "Ўзгидромет" мутасаддилари иштирокида марказ томонидан 2021 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоби ҳамда соҳадаги ўзгаришлар таҳлилига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Жаҳон банки билан амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида 50 та автоматик метеостанциялар, 1 та мобил экологик лаборатория ва 1 дона супер компьютер ускунаси, шунингдек, "Замин" халқаро жамоат фонди ҳисобидан 2 та автоматлашган атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторинг станциялари ўрнатилди.
Шунингдек, Гидрометеорологик ахборот маълумотларининг ягона электрон фондини шакллантириш бўйича, Жаҳон метеорология ташкилоти ва Корея метеорология администрацияси билан қўшма ҳамкорлик шартномаси асосида I босқичда "Ўзгидромет" мавжуд (қоғоз шаклидаги) метеоархив маълумотларини электрон шаклга ўтказиш ишлари якунланди.
Ҳозирда лойиҳанинг II босқичи амалга оширилаётган бўлиб, малакали мутахассислар лойиҳанинг I босқичида рақамлаштирилган (сканерланган) маълумотларни электрон (машина ўқийдиган) форматга ўтказиш ишларини бажармоқда.
Илгари кузатув натижалари ҳар 3 соатда рация орқали узатилган бўлса, соҳада IT-технологияларни такомиллаштириш натижасида маълумотлар марказга автоматик тарзда 10 дақиқада GSM/спутник орқали узатиб борилиши таъминланди.
Аҳоли яшаш пунктларда ҳаво сифатини мониторинг қилиш ҳамда гидрометеорологик маълумотларни визуаллаштириш бўйича янги “monitoring.meteo.uz” ва “data.meteo.uz” геопорталлари ишга туширилди.
MODIS ускунаси модернизация қилинди. Натижада кунига 4 марта республиканинг тоғ ва тоғолди ҳудудларида қор қоплами баландлигини ўлчаш орқали сув миқдори ҳисобини юритиш ва қишлоқ хўжалиги экинларининг вегетация индекси зичлигини аниқлашга эришилди.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, Жаҳон банкининг Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (CAREC) минтақавий лойиҳаси ва бошқа донорлар иштирокида "Ўзгидромет"нинг ҳудудлардаги гидрометеорология ва қор кўчки кузатув станцияларига 51 та, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 10 та метеорологик ва Жиззах ҳамда Қашқадарё вилоятларида 12 та агрометеорологик автоматик станциялар ўрнатилди.
Мазкур станцияларда ўсимликлар намлиги ва зичлиги, ёғин миқдори, тупроқ ҳарорати ҳамда намлигини автоматик усулда ҳар ўн дақиқада аниқлаш йўлга қўйилди. Станциялардан олинаётган маълумотларни мунтазам равишда "Ўзгидромет" ахборот тизимига узатишни ташкил этишга муваффақ бўлди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА