Ҳуқуқий муносабат
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига кўра, ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш кўп бўлмаган миқдорни ташкил этса, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Жавоҳир Эшонқулов бу борада батафсил маълумот берди.
– Оз миқдор деганда базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача бўлган доирадаги, кўп бўлмаган миқдор деганда эса, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан юз бараваригача бўлган доирадаги миқдор тушунилади, – дейди Ж.Эшонқулов. – Устав фондида давлат улуши бўлмаган корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг мол-мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш фақат мазкур корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарининг, мулкдорининг ёки ваколатли бошқарув органининг аризасига кўра жавобгарликка сабаб бўлади. Бундан ташқари зарар яна ҳам кўпроқ яъни 33 миллион сўм ва ундан ортиқ бўлса, жиноий жавобгарликка ҳам олиб келиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 173-моддасига кўра, ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш анча миқдор (33 000 000 сўмдан 99 000 000 сўмгача)ни ташкил эса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар миллатлараро ёки ирқий адоват ёхуд диний таассублар замирида, атрофдагилар учун хавфли усулда, кўп миқдор (99 000 000 сўмдан 165 000 000 сўмгача)да зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш беш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шунингдек, ўша ҳаракатлар хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахснинг ёки унинг яқин қариндошларининг мулкига нисбатан, уюшган гуруҳ ва унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Етказилган моддий зарар уч карра миқдорида қопланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА