English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзгани ҳақорат қилган аёл жаримага тортилди
18:15 / 2023-01-31

Жиззах шаҳар ҳудудидаги уй-жой олди-сотдиси ва уйдан чиқариш масаласида келиб чиққан низо туфайли 2 аёл ўзаро жанжаллашиб қолади. Ушбу жанжалга асосий сабабчи бўлган П.Бердиева (мақоладаги персонажларнинг исми-шарифи ўзгартирилди) муқаддам жиноят ишлари бўйича Шароф Рашидов туман судининг қарорига кўра Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 52- (Қасддан енгил тан жароҳати етказиш) моддаси 2-қисми ва 41-(Ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш) моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса-да, бундан ўзига тегишли хулоса чиқармаган.

Жанжал пайтида П.Бердиева аёл киши бўлишига қарамай, Н.Камтаровани умуман тилга олиб бўлмайдиган, шу қадар ёмон, қўпол сўзлар билан ҳақорат қилиб, унинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан таҳқирлайди ва бу ҳам етмагандай, унинг танасини дуч келган жойига мушт тушириб, қасддан енгил тан жароҳатлари етказади.

Суд жараёнида айбланувчи П.Бердиева ўз айбига қисман иқрорлик билдириб кўрсатув берган бўлса-да, унинг айби жабрланувчи ва гувоҳлар кўрсатувлари, фуқаролик ишлари бўйича суд қарорлари, аризалар, дастлабки тушунтириш хатлари, фотосуратлар, билдиргилар, далолатномалар ҳамда бошқа далиллар билан тўлалигича исботланди.

Ушбу иш юзасидан суднинг якуний қарорига кўра судланувчи П.Бердиева Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 109- (Соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш) моддаси 1-қисми ҳамда 140-(Ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш) моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 59-(Бир неча жиноят содир этганлик учун) моддаси 2-қисмига асосан 10 миллион 800 минг сўм жарима жазоси тайинланди.

Доно халқимиз аёлнинг латофати ҳуснида эмас, хулқида, деб бежизга айтмаган.

А.Қаюмов, ЎзА