Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзгалар парваришига муҳтож фуқароларга қандай қўшимча тўлов ва имтиёзлар берилади?
22:12 / 2025-04-12

Бу бўйича Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизмати раҳбари Дилфўза Рўзметова маълумот берди.

2023 йил 27 декабрда Президент қарорига мувофиқ, "Инсон" маркази томонидан "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизими орқали ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реэстри юритилиши йўлга қўйилди.

Мазкур қарорга асосан, 2024 йил 1 майдан бошлаб ушбу реэстрга киритилган фуқароларга ҳар ойда минимал истеъмол харажатлари миқдорида — 648 минг сўм миқдорида моддий ёрдам тайинланади.  

Ушбу маблағ уй-жой коммунал хизматлари учун компенсация, озиқ-овқат маҳсулотлари, ва шахсий гигиена воситалари харажатларини қоплаш учун берилади.

Моддий ёрдам реэстрдаги маълумотлар асосида автоматик равишда тайинланади ёки тўхтатилади. Тўлов қайдномалари эса ҳар ойнинг 3-санасига қадар шакллантирилади.

Статистик маълумотларга кўра, 2024 йил январь ойида – 7 минг  322 нафар, февраль ойида – 7 минг 386 нафар, март ойида эса 7 минг 549 нафар фуқарога ушбу ёрдам пуллари етказилган.

Бундан ташқари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги санаторийларда 2025 йилнинг январь–март ойларида йўлланма асосида 13 минг 600 нафар фуқаро соғломлаштирилди (бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 1,4 баробар кўпдир).

Соғломлаштирилганлар таркиби:

— I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлганлар – 7,7 минг нафар (56,6%);

— ёшга доир пенсия олувчилар – 5,3 минг нафар (39,2%);

— ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар – 311 нафар (2,3%);

— бошқа тоифадаги фуқаролар – 262 нафар (1,9%).

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизмати раҳбари Дилфўза Рўзметованинг таъкидлашича, санаторий йўлланмалари навбат асосида  қуйидаги тартибда тақдим этилади:

Ҳар йили навбат асосида: уруш ногиронларига, республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчиларга, Чернобил АЭС ҳалокати оқибатида ногирон бўлган шахсларга, ядро полигонлари ва бошқа радиация объектларида хизмат қилган пенсия ёшидаги фуқароларга, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексаларга.

Икки йилда бир марта: уруш қатнашчиларига, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг никоҳдан ўтмаган беваларига, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқароларга.

Уч йилда бир марта: ёшга доир пенсия олувчиларга.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА