Коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг барқарор ривожланишига жиддий тўсқинлик қилади. Бу иллат давлат муассасалари ва корхоналар фаолиятида шаффофликни таъминлаш, адолатни йўқотмаслик ва фуқароларнинг ишончини сақлашга салбий таъсир кўрсатади.
Шу боис, унинг олдини олиш ва унга қарши курашиш давлат идоралари, суд органлари ва корхоналарнинг энг устувор вазифаларидан бирига айланди.
“Ўзэнергоинспекция”нинг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси ва ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этилган семинарда шу ҳақда сўз юритилди.

Қайд этилганидек, коррупцияга қарши курашиш нафақат давлат идоралари ва ташкилотларнинг, балки ҳар бир ходимнинг шахсий масъулияти ҳам ҳисобланади. Шу боис, бундай семинарлар ходимларнинг муросасизлик тамойилига амал қилишини мустаҳкамлаш, амалиётда шаффофлик ва адолатни таъминлаш ҳамда жамиятда ишонч муҳитини яратишда муҳим аҳамиятга эга. Улар ходимларга қонунчиликни тўлиқ тушуниш, коррупцияга қарши механизмларни билиш ва турли вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш кўникмаларини беришда самарали восита бўлиб хизмат қилади.
Семинар давомида ходимларнинг коррупцияга муросасиз муносабатини шакллантириш, унинг ҳар қандай кўринишларига йўл қўймаслик ва амалиётда шаффофликни таъминлаш масалалари таҳлил этилди.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, бугунги кунда коррупцияга қарши амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, соҳада қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва уларнинг амалиётда қўлланилиши муҳим ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, улар иштирокчиларга коррупция иллатини камайтириш ва бартараф этишда самарали механизмлар, жумладан, фаол шахсий назорат, шаффоф қарор қабул қилиш жараёнлари ва масъулиятли фаолиятни ташкил этиш борасида тавсиялар берди.
Тадбир якунида коррупцияга қарши самарали курашишда шахсий масъулият, муросасизлик ва адолатли фаолиятнинг аҳамияти таъкидланди. Бундай тадбирлар ходимлар орасида коррупцияга нисбатан огоҳликни ошириш, жамиятда адолат ва шаффофликни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди. Шунингдек, семинарда берилган тавсиялар амалиётга кенг қўлланилиши ходимлар ишининг самарадорлиги ва қонунчиликка риоя қилиш даражаси ошишига хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА