Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзэнергоинспекция” тармоқда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш чораларини кўрмоқда
15:47 / 2025-06-30

Энергетика соҳасида фаолият юритаётган субъектлар устидан назоратни кучайтириш, қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш ва аҳолига сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида “Ўзэнергоинспекция” томонидан юртимиз ҳудудларида мунтазам равишда текширувлар ўтказилмоқда.

Ана шундай тадбирлар давомида айрим АЁҚШлар ва нефть маҳсулотларини сақлаш омборларида жиддий камчиликлар аниқланди. Жумладан, “Ўзэнергоинспекция” Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан “Ш.” МЧЖга қарашли автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасида нефть маҳсулотларини тарқатиш талабларига риоя этилиши бўйича ўрганиш олиб борилди.  

Ўрганиш натижасида ушбу АЁҚШдаги ёқилғи тарқатиш устунлари навбатдаги давлат қиёслов кўригидан ўтказиш муддатига амал қилинмасдан, истеъмолчиларга АИ-80 ва АИ-92 маркали автобензин сотилгани аниқланди. Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси қонуни асосида мазкур шохобчага нисбатан 150,9 миллион сўм (реализация қилинган нефть маҳсулоти қийматининг 50 фоизи) миқдорида маъмурий жарима қўлланилди.  

“Ўзэнергоинспекция” бошқарма бошлиғи Дилшод Каримовнинг таъкидлашича, 2025-2026 йилларда тармоқ корхоналарининг барқарор ишлаши учун техник тайёрлик ҳолатлари ҳам ўрганилмоқда. Жорий йилда “Тўрақўрғон нефть базаси” МЧЖ ва унга қарашли филиалларда текширув ишлари амалга оширилди.  

– Хусусан, марказий омбордаги мавжуд сиғимларнинг бўёқлари эскиргани, техник жиҳатдан қониқарсиз ҳолатда экани аниқланди. Шунингдек, Чуст туманидаги филиалда 36, 35, 32 ва 29-сон автобензин ҳамда 20, 34-сон дизель ёқилғисини сақлаш сиғимлари талаб даражасида эмаслиги маълум бўлди. Бу каби ҳолатлар Учқўрғон туманидаги филиал омборида ҳам кузатилди. 3-сон насос таъмирга муҳтож экани, нефть маҳсулотларини вагон цистерналардан қабул қилиш ва узатиш қувурларининг техник ҳолати талабга жавоб бермаслиги каби камчиликлар қайд этилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъулларга кўрсатмалар берилди ва уларнинг ижроси қатъий назоратга олинди, – деди Д.Каримов.  

Таъкидлаш керакки, соҳадаги очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, қонунбузилишларга нисбатан муросасиз ёндашиш “Ўзэнергоинспекция” фаолиятининг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Аниқланган ҳолатларни зудлик билан бартараф этиш, шу каби қонунбузарликларга йўл қўймаслик келгусида фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш ва энергетика хавфсизлигини таъминлашда муҳим қадамдир.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА