Ҳудудларда табиий газдан хавфсиз ва қонуний фойдаланишни таъминлаш, ноқонуний уланишларни аниқлаш ҳамда авария ва ёнғинларнинг олдини олиш мақсадида энергетика тизимида комплекс профилактик ва назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
“Ўзэнергоинспекция” ахборот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоевнинг маълум қилишича, яқинда Сурхондарё вилоятида Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ҳамда инспекция ҳамкорлигида автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларида профилактик ўрганишлар амалга оширилди. Мазкур тадбирлар давомида ёнғин ва фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш, мавжуд техник ҳолатни баҳолаш, хавфсизликни таъминлаш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Шу билан бирга, “Ўзэнергоинспекция”нинг Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳудудий бошқармалари томонидан ўтказилган назорат тадбирларида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Хусусан, Денов туманида якка тартибдаги тадбиркорга тегишли бинода газ қурилмалари ҳисоблагичдан ташқари яширинча тармоққа уланган ҳолда ишлатилгани аниқланди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, газ таъминоти корхонасига 307,3 миллион сўмлик моддий зарар етказилган.
Худди шундай ҳолат Тошкент туманидаги “И. С. С.” МЧЖда ҳам қайд этилди. У ерда шартномасиз ва ҳисоблагичдан ташқари тармоққа уланиб, газдан ноқонуний фойдаланилгани натижасида 1 миллиард 134 миллион сўмлик зарар келтирилган. Ҳар икки ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
– Ҳар қандай ноқонуний уланиш нафақат иқтисодий зарар, балки аҳоли хавфсизлигига ҳам жиддий таҳдид солади. Бундай ҳолатларни аниқлаш ва олдини олиш бўйича назорат тадбирлари мунтазам давом эттирилади. Газдан фойдаланишда қонунчилик талабларига амал қилиш барча фойдаланувчиларнинг бурчи ва масъулиятидир, – деди Наврўз Норбобоев.
Айтиш жоизки, энергетика соҳасида хавфсизликни таъминлаш, газ таъминоти тизимидаги ҳар қандай қоидабузарликларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан тегишли давлат идоралари томонидан аниқ ва тизимли чоралар кўрилмоқда. Бу жараёнда аҳолининг хабардорлиги, масъулият ҳисси ва қонунийликка риоя қилиши катта аҳамиятга эга.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА