English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзэнергоинспекция”: ўрганишлар натижасида 151 та шохобча фаолияти вақтинча тўхтатилди
20:49 / 2025-08-02

Мамлакатимизда аҳоли хавфсизлиги, меҳнат муҳофазаси ва техник талабларга риоя этилишини таъминлаш давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифалардан бири саналади.

Шу сабабли, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 июлдаги 473-сонли фармойишига асосан “Ўзэнергоинспекция” ҳамда Республика ишчи гуруҳи томонидан юртимиз ҳудудида жойлашган ёнилғи қуйиш, сақлаш ва тарқатиш иншоотлари, шунингдек, чакана савдо шохобчаларидаги ҳолат атрофлича ўрганилди. 

Текширув жараёнларида умумий ҳисобда 3 минг 416 та объект хатловдан ўтказилди. Бу иншоотларда техник жиҳозлар, ёнғин хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазаси қоидаларига амал қилиниши ҳолати синовдан ўтказилди. Натижада 5 минг 568 та қоидабузарлик ва камчиликлар аниқланди. Ушбу муаммолар соҳа фаолиятидаги хавфсизлик талабларига тўлиқ риоя этилмаётганидан далолат беради. 

Айниқса, аниқланган ҳолатлар ичида технологик жараёнларнинг амалдаги меъёр ва қоидаларга мос келмагани бўйича жиддий камчиликлар қайд этилди. Хусусан, талабларга жавоб бермайдиган 151 та шохобча фаолияти вақтинча, яъни камчиликлар тўлиқ бартараф этилгунга қадар тўхтатилди. Мутасадди ташкилотлар томонидан бу объектларга нисбатан мажбурий кўрсатмалар берилди. Шунингдек, электр қурилмаларини эксплуатация қилишда қоидабузарликка йўл қўйган айрим бригадалар иш жойидан четлатилди. 

Соҳадаги назорат тадбирлари нафақат техник жиҳозланганликни, балки энергетика ресурсларидан оқилона ва қонуний фойдаланишни ҳам ўз ичига олди. Масалан, Сирдарё вилоятида "Д. П. Т." хусусий корхонаси электр ускуналарини ўзбошимчалик билан тармоққа улаб, 1 миллиард 609 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган ҳолда фаолият юритгани аниқланди. Бу ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув ишлари бошлаб юборилди. 

Энергетика объектларида амалга оширилаётган таъмирлаш ишларида ҳам хавфсизлик қоидаларига риоя этилиши жиддий назорат қилинмоқда. Хоразм вилояти Хонқа туманидаги Ойдин ҳаёт маҳалласида ёғоч таянчлар темир-бетон устунларга алмаштирилаётган жараёнда ишларни амалга ошираётган бригада хавфсизлик техникаси талабларига зид равишда ҳаракат қилгани аниқланди. Бунда ташкилий ва техник чоралар кўрилмагани боис, бригада иш жойидан четлатилди. 

Инспекция ахборот хизматига кўра, бу каби кенг қамровли профилактик тадбирлар нафақат соҳа субъектларининг масъулиятини оширишга, балки фуқаролар ҳаёти ва саломатлигини ҳимоя қилиш, энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга қаратилган. Шу боис “Ўзэнергоинспекция” томонидан бундай текширувлар давомли равишда олиб борилади.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА