Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзэнергоинспекция” электр энергияси ва табиий газ бўйича 1 триллион 500 миллион сўм миқдоридаги ўғирликларни фош этди
16:52 / 2023-12-26

Бугун АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.

Унда ушбу инспекция матбуот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоевнинг маълум қилишича, “Ўзэнергоинспекция” томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва электр ҳамда газ таъминоти корхоналари мутахассислари билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирларида 9 минг 446 та ҳолатда истеъмолчилар томонидан табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. 

– Жумладан, 767 млн. метр куб табиий газ (748 млрд. 600 млн. сўм) ва 335 миллион киловатт-соат электр энергияси (251 млрд. 900 млн. сўм) талон-торож қилинган. Бунинг натижасида давлат манфаатларига жами 1 триллион 500 миллион сўм зарар етказилган. Шунингдек, 1 минг 456 та маъмурий қоидабузарлик ҳолатлари аниқланиб, расмийлаштирилган маъмурий баённомалар “e-mamuriy ish” ахборот тизими орқали суд органларига юборилди. 

Инспекциянинг Тошкент марказий назорат-кимё лабораторияси томонидан нефть маҳсулотлари бўйича олиб борилган сифат назорати тадбирлари давомида хусусий автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида 171 та ҳолатда 2 млн. 823 минг литр нефть маҳсулотларининг сифатсизлиги аниқланиб, сотувга чиқарилишининг олди олинди. 

Инспекция томонидан истеъмолчиларга давлат хизматларини кўрсатиш бўйича жами 10 минг 369 та объектнинг электр таъминоти лойиҳалари экспертизадан ўтказилиб, 7 минг 364 та истеъмолчининг электр қурилмалари электр тармоқларига уланишига рухсат берилди. Шунингдек, Ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига тегишли 3 минг 47 та объектнинг электр таъминоти лойиҳалари келишилди. 

Жорий йилнинг шу даврига қадар “Ўзэнергоинспекция” томонидан ўтказилган назорат тадбирларида электр тармоқ хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналарида ноқонуний қурилган 9 минг 57 та объект аниқланди. 

Аниқланган 7 минг 636 ҳолат бўйича маҳаллий ҳокимликлар ва судларга ҳужжатлар тақдим этилган бўлиб, ушбу ноқонуний қурилишларни хавфсиз ҳудудларга кўчириш юзасидан ишлар олиб борилмоқда. Айни вақтгача 91 та объект хавфсиз ҳудудларга кўчирилди. 

Энергия ресурсларидан айрим “тадбиркор”ларнинг ноқонуний ва ўғринча фойдаланишлари тармоқларда ортиқча юкланишларга ҳамда энергия ресурслар таъминоти барқарорлигига жиддий таъсир кўрсатаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Негаки, таъминотдаги барқарорлик бевосита шаффофлик ва очиқлик билан ҳам боғлиқдир, – деди Н.Норбобоев. 

Н.Зиёдуллаева, ЎзА