Ёқилғи-энергетика соҳасида шаффофликни таъминлаш, коррупциянинг олдини олиш ва назорат тадбирларининг холислигини кучайтириш мақсадида "Ўзэнергоинспекция" янги рақамли технологияларни жорий этди. Хусусан, инспекторлар фаолиятини кузатиш ва назорат жараёнларини очиқ қилиш учун “Body Camera”лардан фойдаланиш тизими йўлга қўйилди.
Айтиш керакки, ушбу камералар туфайли инспекторларнинг истеъмолчилар билан мулоқоти ҳамда жойларда олиб борилаётган текширув ва ўрганиш ишлари узлуксиз равишда ёзиб олинади. Камераларни ўчириш, қуввати тугади деган баҳона билан фойдаланмаслик имкони йўқ. Ҳар бир камера марказий тизимга уланган бўлиб, унинг қаерда тургани ва қуввати ҳақидаги маълумотлар онлайн тарзда назорат қилинади. Бу ҳолат назорат жараёнида инсоний омил таъсирини камайтириб, фуқаролар ишончини оширади.

– Тизим аввал Сирдарё вилоятида икки ой муддатда тажриба тариқасида синовдан ўтказилган ва иш самарадорлигини сезиларли даражада оширгани билан ўзини оқлаган. Шундан келиб чиқиб, “Body Camera” тизими "Ўзэнергоинспекция"нинг барча ҳудудий бўлинмаларида жорий этилди ва барча инспекторлар ушбу замонавий кузатув воситалари билан таъминланди.
Мазкур қадам соҳада очиқлик ва шаффофликни мустаҳкамлаш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда самарали давлат назоратини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади, – дея таъкидлади инспекция ахборот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоев.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА