Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясида 2025 йил якунлари ва жорий йилда амалга оширилиши режалаштирилган вазифалар муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Инспекция ва унинг ҳудудий бошқармалари масъуллари, мутахассислар иштирок этган ушбу тадбирда “Ўзэнергоинспекция” бошлиғи Дадажон Исақулов сўзга чиқиб, 2025 йил давомида олиб борилган назорат ишлари, амалга оширилган текширувлар ва натижаларга эътибор қаратди.
Шунингдек, йиғилишда соҳада коррупциянинг олдини олиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар ва уларнинг самарадорлиги ҳамда келгусида бу йўналишдаги устувор вазифаларни белгилаш, давлат назорати тизимини янада шаффофлаштириш ва инсон омилини қисқартириш масалалари атрофлича таҳлил этилди.

Қайд этилганидек, энергия ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш энг муҳим вазифалардан биридир. Шу сабабли, истеъмолчилар ўртасида энергия ва ёқилғи ресурсларини тежаш маданиятини шакллантириш, профилактик тарғибот ишларини фаоллаштириш ва самарали мониторинг тизимини жорий қилиш муҳим ҳисобланади. Шундай талаблардан келиб чиқиб, ҳудудий бошқармаларнинг ушбу йўналишдаги масъулияти ва ҳамкорлик механизмларининг натижадорлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбирда энергетика объектларида юзага келиши мумкин бўлган авариявий ҳолатларнинг олдини олиш ва эксплуатация ишларини қонунчилик талаблари ва белгиланган меъёрлар асосида тўғри ташкил қилиш масалаларига ҳам урғу берилди. Унга асосан йиғилишда мазкур объектларда доимий равишда ўрганиш ва мониторинг ишларини олиб бориш, фавқулодда вазиятлар учун тезкор чора-тадбирлар режасини яратиш ва назоратни кучайтириш зарурлиги айтиб ўтилди.

Истеъмолчиларга сифатли нефть маҳсулотлари етказиб беришни таъминлаш мақсадида назорат-кимё лабораториялари томонидан доимий равишда назорат тадбирларини ташкил этиш ишлари ҳам эътибордан четда қолмади.
Танқидий руҳда ўтказилган йиғилишда 2025 йил давомида ушбу ташкилот томонидан амалга оширилган ишлар, шунингдек, йўл қўйилган хато ва камчиликлар бирма-бир кўриб чиқилди. Ҳудудий бошқармаларда аниқлаштирилган камчиликлар ва уларни бартараф этиш чоралари муҳокама қилинди ҳамда 2026 йилда бажарилиши керак бўлган устувор вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилиш якунида ҳудудий бошқарма масъулларининг ҳисоботлари тингланиб, белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан қўшимча кўрсатмалар берилди. Масъулларга назорат ишлари самарадорлигини янада ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш вазифаси юклатилди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА