2022/2023-ўқув йилида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Спорт фаолияти (фаолият турлари бўйича) бакалавриат таълим йўналиши кундузги ва сиртқи таълим шаклига 8065 нафар абитуриент ҳужжат топширган.
Бугун Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетда Спорт фаолиятининг 39 та спорт таълими йўналишлари бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди.
Хабарингиз бор, жорий йилдан илк маротаба Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Спорт фаолияти (фаолият турлари бўйича) бакалавриат таълим йўналиши касбий (ижодий) имтиҳонларда инсон омилининг таъсирини кескин камайтириш, имтиҳонларнинг шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида рақамлаштириш тизими жорий этилди.

куянги тизим билан танишиш, қолаверса университетда айни пайтда кечаётган қабул жараёнларини юқори савияда ташкил этиш мақсадида Спортни ривожлантириш вазири Адхам Икрамов Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида бўлди.
Вазир ҳар бир спорт таълим йўналиши бўйича Комиссия раиси ва аъзолари билан мулоқот қилиб, бугун зиммамизда турган муҳим вазифалардан бири - кириш имтиҳонларининг шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаш эканини яна бир бор таъкидлаб, зарур кўрсатма ва тавсиялар берди. Шу билан бирга имтиҳон топшираётган спортчи ёшларга Ватанимизда ҳеч бир иқтидор эгаси эътибордан четда қолмаслигини, кўзланган марраларни забт этиш учун астойдил меҳнат қилиш, изланиш ва сабр кераклигини айтиб, синовларда муваффақият тилади.

Имтиҳонларни шаффоф ва адолатли ўтказиш мақсадида имтиҳон олувчи мутахассислар спорт ташкилотлари, спорт федерацияларидан жалб этилганлигини алоҳида қайд этиш лозим. Шаффофлик ва очиқликни таъминловчи яна бир муҳим қадамлардан бири, Касбий ижодий имтиҳонлар бўлиб ўтадиган йўналишларни онлайн кўриш имконияти яратилди.
Имтиҳон жараёнини абитуриентларнинг ота-оналари университет ҳовлисига ўрнатилган мониторлар орқали кузатиб боришмоқда.
Ижодий имтиҳонлар тасдиқланган жадвал асосида 2022 йил 30 июлдан 8 августга қадар бўлиб ўтади.

Маълумот учун: 30 июлда бўлиб ўтадиган касбий (ижодий) имтиҳонларга жами 1243 нафар абитуриент иштирок этиши режалаштирилган бўлиб, шундан, 1026 нафари имтиҳонларда иштирок этди. Турли сабабларга кўра 132 нафар абитуриент касбий (ижодий) имтиҳонларга етиб келмаган.
ЎзА