Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбошимчалик билан қурилган савдо шохобчаси буздирилди
07:48 / 2026-03-03

Қонун устуворлиги барқарор тараққиёт ва жамоат хавфсизлигининг кафолатидир. Айни шу муҳим мезондан келиб чиққан ҳолда, Наманган вилоятининг Норин туманидаги йўл ҳудудида ўзбошимчалик билан қурилган енгил турдаги савдо шохобчаси қонуний тартибда буздирилди.

Аниқланишича, жавобгар шахс йўл минтақа қисмида жойлашган 50 квадрат метр ер майдонида тегишли рухсатномаларсиз ва қонуний асосларсиз объект қуриб олган. Бу ҳолат Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилиб, ер майдонидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати тасдиқланди.

Қонун талабларига мувофиқ, мазкур ҳолат бўйича судга даъво аризаси киритилди. Фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро суди томонидан иш кўриб чиқилиб, даъво талаблари тўлиқ қаноатлантирилди ва ўзбошимчалик билан қурилган иншоотни буздириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинди.

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилоят бошқармасининг Норин тумани бўлими томонидан тегишли тартибда ижро ҳаракатлари амалга оширилди. Натижада, тегишли давлат ташкилотлари масъуллари ҳамкорлигида ўзбошимчалик билан қурилган енгил қурилма мажбурий тартибда буздирилди.

– Йўл ҳудудлари ва умумий фойдаланишдаги ер майдонларида ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини амалга ошириш қонунчиликка зид ҳисобланади, – дейди Мажбурий ижро бюроси туман бўлими бошлиғи Авазбек Раҳмонов. – Бундай ҳолатлар транспорт ҳаракати хавфсизлиги, аҳоли манфаатлари ва шаҳарсозлик меъёрларига салбий таъсир кўрсатади. Фуқаролар билан юзма-юз мулоқотларимизда ҳам ер майдонларидан фойдаланишда амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш, қурилиш ишларини бошлашдан аввал тегишли рухсатномаларни расмийлаштириш сўралмоқда.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА