Юртимизда 2024 йил ноябрь ойидан буён “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун асосида ялпи хатлов ишлари амалга оширилмоқда.
Жумладан, Самарқанд вилоятида жорий йил 1 январь ҳолатида 179 та маҳалладаги 96081 та кўчмас мулк объекти хатловдан ўтказилган ва Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши томонидан 4 минг 696 нафар фуқаронинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотга бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилди. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўтган ҳафта ўтказилган навбатдаги сессиясида яна 1500 нафар фуқаронинг ҳуқуқларини эътироф этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Эътироф этилган ер участкалари ва уй-жойлар белгиланган тартибда кадастр идорасидан давлат рўйхатидан ўтказилмоқда.

– Хатлов жараёнлари беш босқичдан иборат кетма-кетликда амалга оширилмоқда, – дейди Давлат кадастрлари палатаси Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи Равшан Ҳотамов. – Аввало, маҳалла чегараси ва инвентаризация худуди чегараси яратилиб, иккинчи босқичда кўчмас мулклар инвентаризациядан ўтказилмоқда. Сўнгра кўчмас мулкларни миграция тизими орқали UZKAD ахборот тизимига олиб ўтиш, мазкур тизимда электрон йиғмажилд шакллантириш ҳамда бешинчи босқичда тўпланган маълумотлар “Эътироф” ахборот тизимига киритилмоқда. Бу ишларни бажаришга бошқармамиз ва туман (шаҳар) филиалларимиздаги 300 нафардан ортиқ ходим, жумладан, 237 нафар кадастр муҳандислари сафарбар қилинган. Мутахассисларимиз томонидан жорий йил 20 январь ҳолатига вилоятдаги 186 та маҳаллада 158 минг 683 та кўчмас мулк объекти хатлов йўли билан техник инвентаризациядан ўтказилиб, электрон хариталари яратилди. 67 минг 644 та объект UZKAD ахборот тизимида электрон йиғмажилд шакллантириш учун миграция қилиниб, 47 минг 892 таси фаоллаштирилди ҳамда 47 минг 892 та объект ҳақидаги маълумотлар “E’TIROF” ахборот тизимига киритилиб, ташкилотлар муҳокамасига юборилди. Бу маълумотларнинг ваколатли ташкилотлар томонидан кўриб чиқилиши ҳолатига қарайдиган бўлсак, айни пайтда 3 минг 844 таси эълонда, 31 минг 207 таси муҳокама жараёнида турибди. 1 минг 259 та объект рад этилган бўлса, 789 таси таҳрирлашда, 2 минг 722 тасининг тўлови кутилмоқда. 1 минг 277 таси қарор қабул қилиш ҳолатида турибди. Қонуннинг 17-моддасига асосан ҳуқуқларни эътироф этиш тизимида тўлиқ шакллантирилган электрон йиғмажилд маълумотлари хатлов ўтказилган барча маҳалла биноларида ўрнатилиб, жамоатчиликка эълон қилиб борилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, ўтган давр мобайнида хатлов жараёнида иш ҳажмининг катталиги ва белгиланган муддатнинг қисқалиги, маълумотлар ўртасидаги номутаносибликлар, техник воситалар етишмаслиги ёки эскилиги, аҳоли томонидан ҳужжатларнинг тўлиқ тақдим этилмаслиги, янги ишга қабул қилинган ходимларда амалий тажрибанинг етарли эмаслиги каби муаммолар кузатилди. Бу масалалар ўтган йили Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияларида бир неча бор муҳокама этилди ва унинг натижалари бўйича тегишли органларга мурожаат қилинди.
– Иш ҳажмининг катталиги ва қисқа муддатлар билан боғлиқ муаммоларни камайтириш мақсадида қўшимча штат бирликлари жорий этилди ҳамда ходимлар ўртасида иш ҳажми қайта тақсимланди, хатлов ишлари ҳудудлар кесимида босқичма-босқич ташкил этилмоқда, – дейди Равшан Ҳотамов. – Маълумотлар ўртасидаги номутаносибликларни бартараф этиш учун манзиллар тизими, кадастр ва бошқа давлат ахборот базаларини ўзаро интеграция қилиш ишлари кучайтирилди, маълумотларни солиштириш ва янгилаш жараёнлари тизимли йўлга қўйилди. Кадастр бўлимлари замонавий, юқори параметрларга эга компьютер техникаси ҳамда соҳага оид картографик ва геоахборот дастурий таъминотлар билан босқичма-босқич таъминланмоқда. Хатловда аҳолининг фаол иштирокини ва ходимларимиз хонадонга бир марта боргандаёқ тегишли ҳужжатлар тақдим этилишини таъминлаш мақсадида жараён давом этаётган маҳаллаларда фуқаролар ўртасида тушунтириш ишлари кучайтирилди. Иш ҳажмининг ортиб бориши ҳисобга олиниб, бошқарманинг штат бирликлари қайта кўриб чиқилди ва умумий штатлар сони 548 тадан
582 тага оширилди. Географик объектларни номлаш ҳамда манзиллар тизимини юритиш бўйича алоҳида шуъба ташкил этилди. Шунингдек, ҳар бир туман ва шаҳар филиалига манзиллар тизими бўйича мутахассис лавозими жорий қилинди. Янги ишга қабул қилинган ходимларнинг малака ва тажрибасини ошириш учун қисқа муддатли ўқув курслари, амалий тренинглар ўтказилмоқда, улар “устоз-шогирд” тизими асосида тажрибали мутахассисларга бириктирилмоқда. Самарқанд шаҳар филиалида эса хатлов ишларининг катта ҳажмини инобатга олган ҳолда кадастр муҳандислари, электрон харита муҳандислари ҳамда топографлар сони қўшимча равишда оширилди. Бу эса амалда хатлов ишларини тезкор ва сифатли ташкил этиш имконини бермоқда.
Хатлов жараёнида шу пайтгача кузатилган муаммо ва камчиликлар, қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этиш ва иш суръатини тезлаштириш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, айни пайтда парламентда кўрилмоқда.
– Қонунга киритилаётган энг катта ўзгартиришлардан бири объект бўйича якуний хулоса бериш муддатининг 150 кундан 50 кунга қисқартирилаётгани, – дейди Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Озоджон Шодиқулов. – Бунда тақдим этилган ҳужжатларнинг ваколатли ташкилотлар, адлия органлари томонидан кўриб чиқиш муддатлари камида икки баробарга қисқариб, 20 кунни, жамоатчилик муҳокамаси эса амалдаги бир ой муддатдан 10 кунни ташкил этиши кутилмоқда. Шунингдек, солиқ қарзи базавий ҳисоблаш миқори (БҲМ)нинг 30 баравари, яъни айни кунда бу 12 миллион 3 минг сўмдан ошмаса, ҳуқуқ эътироф этилиши мумкин бўлади. Ҳуқуқни эътироф этиш учун бир марталик тўлов 20 иш кунида амалга оширилса 50 фоиз чегирма бериш таклиф этиляпти. Бундан ташқари, тўловни 1 йилдан 3 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади. Яна бир масала – ҳуқуқни эътироф этиш юзасидан ваколатли органлар хулоса бериш муддатига риоя қилмаса, бу – давлат хизмати кўрсатиш муддатини бузиш деб ҳисобланади ва бундай ҳолат маъмурий жавобгарлик чораси кўришга сабаб бўлади. Бу каби ўзгаришлар ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларида ва уларда қурилган уй-жойларга бўлган ҳуқуқни эътироф этиш жараёнларини тезлаштиради ва ўз навбатида кадастр идораси томонидан кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўз вақтида ўтказиш имкониятларини кенгайтиради. Агар бу лойиҳа таклифлари тасдиқланиб, қонунчиликка ўзгартиришлар киритилса, вилоятимизда ўтган йил давомида амалга оширилган хатлов ишларини биринчи чоракнинг ўзида бажариш ва йил давомида камида 30 минг фуқаронинг ижара ва мулк ҳуқуқни эътироф этиш кўзда тутилган.
Кадастр агентлиги томонидан тасдиқланган хатлов режа-графигига кўра, 2026 йилда Самарқанд вилоятидаги 231 та маҳаллада хатлов ишларини амалга ошириш белгиланган. Аммо қонунчиликка киритилиши кутилаётган ўзгартиришлар ҳамда Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича “методик ҳудуд”га айлантириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида бу йил хатлов ўтказиладиган маҳаллалар сонини 441 та этиб белгилаш борасида ҳам ишлар олиб борилмоқда. Бу натижага эришиш учун тегишли вазирлик ва идораларга таклифлар берилган, амалий чоралар кўрилмоқда. Ана шунда 2027 йилда вилоятнинг қолган 441 та маҳалласида ҳам хатлов жараёнларини ташкил этиб, қонун амал қиладиган муддатда ишларни якунига етказиш режалаштирилмоқда.
Ғолиб ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири