Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекнинг соддадил ва содда тил шоири
11:03 / 2022-04-26

Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф агар ҳаёт бўлганида бу йил ўзининг қутлуғ олтмиш саккиз ёшини нишонлар эди. Афсуски, шоирнинг умри қисқа экан бу ёруғ оламни эрта тарк этди. Қалби, юриш-туриши ўзидай содда Муҳаммад Юсуфда Аллоҳ берган иқтидор бор эди.

Муҳаммад Юсуф бетакрор шеърлари билан одамларнинг дардини, қалбидаги қувончу шодликларни, халқига, она юртга муҳаббат, садоқат ва фидойилик туйғуларини содда ва гўзал мисралар орқали тараннум этган ўзига хос ижодкор эди. 

Мен дунёда нима қилдим? Ўзинг ёруғ жаҳоним. 

Ўзимга хон, ўзим султон, Сен – тахти Сулаймоним...

 Қаранг, оддийгина таърифда она юртга беқиёс меҳр мужассам. Шоирга дунё керакмас, унинг учун дунё бу – туғилиб ўсган қишлоғи, ўз Ватани. У юртнинг озодлигидан, халқининг ўзига хон эканидан масрур... 

Муҳаммад Юсуф бутун ижодида миллийликни, ўзбекона удумларни, ўзбекона ҳаётни мадҳ этиб яшади. Айниқса, халқимизнинг ўтмишдаги қаҳрамонлари тимсолида ўқувчи қалбига она-юртга муҳаббат, фахр-ифтихор туйғуларини сингдирди: 

Ғирот минган Гўрўғли, Бобом қани айтинглар? 

Қўнғиротлик Алпомиш, Оғам қани айтинглар?..

Бу каби сатрлар орқали у ўзбек қизларини сулув ва оқила Барчинойга, йигитларимизни мард, жасур Алпомишга таққослаши ижодининг халқчиллигидан нишонадир. Шоирнинг шеърларида шундай таърифу ташбеҳлар учрайдики, ана шу мисраларни ўқиган китобхон беихтиёр уни хиргойи қилиб юборади. Шоирнинг гоҳ райҳонни, гоҳ жайронни, гоҳида эса ялпизни ўзига энг яқин дўст сифатида эрка кийиклару лолақизғалдоқларни тараннум этгувчи мисралари ҳар қандай ўқувчини беихтиёр сеҳрлаб қўяди. Шоирнинг китобини варақлар эканмиз, унинг шеърларидаги ҳар бир мисра қалбимизнинг туб-тубидан ўрин олаверади, уларни такрор ва такрор ўқийверамиз. Сатрлар шу қадар жозибадорки, улар беихтиёр шууримизга ўрнашади. "Қизғалдоқ" шеъридаги ушбу мисраларга эътибор беринг:

 Қизғалдоғим, қирдан бўлак кошонанг йўқ, 

Кокил ёйсанг ердан бўлак тошойнанг йўқ. 

Ўксиб-ўксиб турганингда ўзим бориб, 

Пешонангдан ўпай десам пешонанг йўқ... 

Шоирнинг шеърлари халқона тилда яратилганлиги боис, у ҳар бир кишининг эътиборини торта олади. Муҳаммад Юсуф сингари табиат билан, қушлар билан, қўйингки, турли жонзотлар билан шеърий сатрлар ила тиллаша оладиган, сирлашадиган шоир бўлмаган. У оддийгина сўзлардан жозибадор ва маънодор шеърларни ярата олган: 

Кўҳна толбешикдан Бошланган олам. 

Сенга иддаолар Қилмай севаман. 

Бир куни синглим, деб, Бир куни онам 

Ватан, Кимлигингни Билмай севаман!.. 

Шоир ижодидаги Ватанга бўлган муҳаббат, унинг тараннум этиш мавзуси эса алоҳида бир дунё. Муҳаммад Юсуф қалбидаги Ватанни севиш, англаш, унга бўлган муҳаббат ҳақидаги дилга яқин сатрлар унинг юксак истеъдод соҳиби эканлигини кўрсатади. Унинг миллатини, халқини улуғлаган қуйидаги сатрлари шубҳасиз, ҳар бир миллатдошимиз қалбидан мустаҳкам жой олган:

Алла айтсанг, айвонингда ухлар қуёш, 

Сенга мудом иймон йўлдош, ислом йўлдош. 

Бор бўлсин шу қирқ ўрим соч, ўсмали қош, 

Оқ яктагу, беқасам тўн, шоҳи белбоғ. 

Шоирнинг Ватан ҳақидаги шеърларини ўқиганимизда қалбимизда юртга ўзгача муҳаббат, ўзгача тафт ҳис этамиз. Мисралари содда бўлсада, самимий, жумлалари баландпарвозликдан йироқ, ташбеҳлари ўзига хос. Шу боис, халқимиз Муҳаммад Юсуф шеърларини жон-дили билан ўқийди. У "Андижон" номли шеърида шундай дейди: 

Бобурга илинсанг, менга қовун сўй, 

Чўлпонни соғинсанг, мени қучоқла.

 Ана шу каби содда ва гўзал мисралари билан халқ ҳурмати ва эҳтиромини топган шоир бугун орамизда йўқ бўлсада, унинг номи, ижоди тилларда достон, шеърлари эса минглаб қалбларга қувонч, самимият, маънавий гўзаллик улашаётгани ҳақиқат.

Шоир вафотидан сўнг марҳаматликлар, шоирнинг ҳамқишлоқлари у билан ифтихор қилибгина қолмай, шоир хотирасини улуғлаш, номини абадийлаштириш борасида ҳам эътиборга молик ишларни амалга оширди. Жумладан, Қовунчи маҳалласидаги, шоир хонадони, у таҳсил олган мактабда музей ташкил этилиб, шоир ҳаёти, ижодига оид жиҳозлар, кўргазмали воситалар, китоблари билан безатилди. Шоир дафн этилган Ғиштмозор қабристони ободонлаштирилиб, шоирнинг бюсти ўрнатилди. Ҳар йили апрель ойида Марҳамат, айниқса, Қовунчи қишлоғи адабиёт, шеърият мухлислари билан гавжум бўлади. Нафақат Андижон, балки қўшни Фарғона, Наманган, республикамизнинг турли вилоятларидан, ҳатто, Қирғизистондан шоир ижодининг мухлислари ташриф буюриб, шеърият кечалари, мушоиралар ўтказилиши анъанага айланган. 

[gallery-6809]

– Россияда одатга айланган ана шундай анъана бор, – дейди марҳаматнинг зиёли инсонларидан бири Ортиқали Ҳусанов. – Ҳар йили рус халқининг улуғ шоири А.С.Пушкин туғилган куни шеърият мухлислари шоир ҳайкали олдига келиб, унинг шеърини ўқийди. Беш-олти киши келиб эшита бошлайди. Яна кимдир шеър ўқийди. Шу тариқа минглаб кишилар тўпланиб, Пушкинхонлик кечасига айланади. Энг қизиғи, шеърхонлик ҳеч кимнинг кўрсатмаси ёки ташкилотчилигида ўтмайди. Кечанинг ташкилотчиси халқнинг буюк шоирга бўлган муҳаббати бўлади. Бугун минглаб адабиёт, шеърият мухлисларининг Муҳаммад Юсуф хотирасини ёд этиш учун унинг қишлоғига, у мангу қўним топган қабристонни зиёрат қилиб келаётганликлари ҳам шоир хотирасига, унинг ижодига бўлган ҳурмат ва муҳаббат намунасидир. Кўпчилик юртдошларимиз Марҳамат дейилганида, Муҳаммад Юсуфни кўз олдига келтиради. Бугунги кун тили билан айтганда, шоир Марҳаматнинг “бренди”га айланган десак ҳам асло муболаға бўлмайди. Бу туманда туризмни ривожлантириш, шеърият, адабиёт мухлислари, сайёҳларни жалб этиш учун катта имкониятдир. Минг афсуски, туман мутасаддилари ана шу имкониятдан унумли фойдаланяпти, деб айтаолмаймиз. Бугун туман марказидаги Муҳаммад Юсуф номи берилган боғ бир аҳволда ётибди, туманда шоир китоблари, унга ёки бир неча минг йиллик тарихга эга Марҳаматга оид сувенирлар сотиладиган бирор дўкон йўқ. Назаримизда бу борада қилиниши керак бўлган ишлар ҳали кўп. 

Бугун – шоир таваллуд топган кун Марҳамат, айниқса, Қовунчи қишлоғи шоир ва ёзувчилар, ижодкор ёшлар, адабиёт, шеърият ихлосмандлари билан гавжум бўлди, шеърият байрами ўтказилди. Дарвоқе бу байрамга келиш учун ҳеч кимга таклифнома юборилмаган. Лекин минглаб одамлар ана шу байрамда иштирок этиш, халқимизнинг севимли, соддадил ва содда тил шоири Муҳаммад Юсуф хотирасини ёд этиш учун келди. Донолар айтганидай: ҳақиқий шоирлар ўлмайди. Ўзидан бетакрор ва ўлмас шеърлар қолдирган Муҳаммад Юсуф ҳам юртдошларимиз қалбида барҳаётдир. 

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, 

Зухриддин УМРЗОҚОВ (сурат)