Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекнинг оташин куйчиси
07:05 / 2024-02-20

22 февраль – таниқли шоир Азим Суюн туғилган кун

Таниқли ижодкорлар Азим Суюн, Турсун Али иштирокида атоқли адабиётшунос Қозоқбой Йўлдошевнинг хонадонида туғилган куни муносабати билан уюштирилган  гурунг узоқ давом этди.

Хонадони кичик бўлса ҳам бағри кенг Қозоқбой дўстимизнинг уйи меҳмонларга тўлиб кетди. Айниқса, Сирдарёю Жиззахдан келган ўнлаб меҳмонлар ижодкорларни хуш кўришар эканлар. Улар Ўзбек юртининг чинакам халқ шоирига айланган Азим Суюндан шеър ўқишини илтимос қилишди.

Юлдузлар учибди, кўчибди ойлар,

Ўзанин ўзгартириб тошибди сойлар.

Қаёққа кетибди мен билган жойлар,

Баҳор ўтганлигин билмай қолибман.

Насимлар эсибди ўйлар мисоли,

Бирдек ширин ҳаёт заҳари, боли.

Менга насиб этмиш ул гул висоли,

Баҳор ўтганлигин билмай қолибман.

Шеърият мухлисларининг юзларида қувонч порлади. Олов сатрлари билан танилган шоир номига олқишлар янгради. Модерн-подерн деб ўтирмасдан табиий ёзилган, ички кечинмалар акс этган халқона оҳангдаги  асар бир пасда бу ерда ҳозир бўлганларнинг маънавий мулкига айланди.

У яна бир нечта лирик шеърларидан хонани ларзага келтириб ўқиганда кўпчиликнинг дили яйраб кетди. Ҳамма хурсанд. Қувноқ кайфиятдан лабларда табассум. 

Туйғулари оҳорли ва эҳтирослари тошқин шоирнинг лирик асарларини тинглар эканман, атоқли адабиётшунос, моҳир таржимон, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров ҳассос шоир Азим Суюн ижоди ҳақида беҳудага мақтов сўзларини ёғдирмаганига ишонч ҳосил қилдим: “Азимдан шеър худди момақалдироқдан чиққан  чақиндек чиқди. Бу тоғ момақалдироғи, тоғлар чақинлари, тоғларнинг ёлқинлари эди. Азим саксонинчи йиллар бошида  энди ўзини, ўз юртини, ўз тоғларини, ўз юртдошлари ва уларнинг орзуларини тўла очган эди. Унинг шеърига, асарларига, сал кейинроқ журналистика билан шуғуллана бошлагач, публицистикасига Нурота тоғларининг  шукуҳлари бутун колорити билан кириб келди. У Нурота оҳангларини топди. Худди Усмон Бойсунни топгандай, худди Хайриддин Паркентни топгандай, худди Мурод Галатепани топгандай, Азим Нуротани топди. Ахир, кичкинагина бўлса ҳам, ўз ерингни ишғол қилмасанг, дунёга қандай чиқасан, уни қандай ишғол этасан? Азимнинг барча шеърларини ўқинг: ҳаммасида Нурота зарблари, Нурота сойларининг мангу овозлари, бургутларнинг мунгли қийқириқларини эшитасиз”. Азим Суюн шеъриятига берилган бундай баҳо бежиз эмас. Чунки унинг  асарларида ҳамиша халқ дилидаги, тилининг учида турган гаплар шеърий йўл билан бадиий жиҳатдан пишиқ мисраларда тасвир этилган. Ўнлаб қизиқарли шеърий китоблари, достонлари, ҳатто ҳикоялари ва публицистик мақолалари  ҳам  кўп йиллардан буён юртдошларимизнинг маънавий мулкига айланган.

Эл назарига тушган шоир ҳақида сўз кетганда у кўп йиллар ижтимоий фаолият билан шуғулланганини алоҳида таъкидлаш керак. Дастлаб нашриётда ишлади. Шундан сўнг “Халқ сўзи” газетасида бўлим мудири, “Ўзбекистон овози” газетаси, “Гулистон” журнали бош муҳаррири лавозимларида фаолият юритди. У биринчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати этиб сайланган, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони билан тақдирланган эди.

Азим Суюннинг дастлабки шеърий китоби – “Менинг осмоним” шоир ўттиз ёшга тўлганида нашр этилган. Сўнгра "Зарб”, “Сарбадорлар”, “Сайланма”, “Ўзлик”, “Муҳаббат ҳайратлари” сингари бир қатор китоблари чоп этилган.

Ажойиб шеърлари қўшиққа айланган шоир Азим Суюннинг қуйидаги сатрларини ёд олганимга ўттиз йилга яқинлашди.

Муз дарёлар бағрида

Бир тола сув қайноқ, нечун,

Ўлмас шамшир учунми? –

Тошлар ўзи қайроқ нечун.

Оҳ, одамзот денгизнинг

Ўртасида чанқоқ нечун,

Билса билгай бани одам

Билмаса Оллоҳ билур.

Эл суйган шоир Азим Суюннинг ўзи ҳам ёш ижодкор Умид Али билан қилган суҳбатида дилини ўртаган, қалбини безовта қилган изтиробларини қуйидагича изҳор этган эди: “Олам илоҳий сирларга тўла. Яратилиш шундай бўлган. У сир-синоат билан яратилган, илоҳийлик зуваласи билан қоришиб кетган. Бизнинг дунёга келиб оламда сир қолмагандек. Ҳамма нарса кафтдагидек, аёндек. Инсон тафаккури онгли мавжудотни сирли сайёраларга олиб чиқди. Унинг ақли қудрати олдида сирли сандиқ ўз сирларини очиб юборди. Тафаккур тараққиёти, ақл ривожи,  фикр равнақи орзу-умидларини моддий дунёга айлантирди. Гўёки шундай, шоирлар олам сир-асрорлари ҳақида ўйлайди. Ўзи яшаб турган борлиқ тилсимларини очишга ҳаракат қилади. Оламда сир қолмаганида эди – шоирлар ҳам йўқ эди. Асримиз сўнгги тараққиётларининг  илк орзулари, умидлари, энг аввало, шоирлар – ижодкорлар қалбида пайдо бўлган, десам, ишонаверинг”. Мана, кўряпсизми, фидойи шоир Азим Суюн фикрларида худди шеърларидаги каби фалсафийлик, ҳаёт ва унинг мураккабликлари хусусидаги ўйлар қоришиб кетган.

Азим Суюн шеъриятининг таъсир кучи беқиёслигидан ҳайратланасан, киши. Истеъдодли қалбдан оқиб чиққан сатрларни ўқиганда негадир сеҳрланиб қолгандек, гўё карахт бўлгандек сезасиз ўзингизни.

Бели ари белидан,

Хипча ҳам нозиккина.

Йигитларнинг баридан,

Сақлаб гина озгина.

Сийнасининг тугмаси,

Кўйлагига тиралиб.

Сочларин шаршараси,

Оппоқ нурга беланиб.

Фикрлар оқими худди тоғ булоқлари каби шаффоф, ўйноқи, гўё сездирмайгина сизни ҳам асир олганлигини, шу оқимга қўшилиб кетаётганингизни англаёлмай қоласиз.

Сатрларга қаймоқ суркалганми, унинг таъми кайфиятингизни янаям кўтариб, беихтиёр лабингиз қимтиниб қўяди, юзингизни ёйилган табассум нурлари ёрита бошлайди.

Унинг сир-синоати нимада экан? Аслида истеъдодли шоир Азим Суюн аввайлабгина танлаган сўзлар сизни қийнаб-қистаб ўтирмайди – оддий, истеъмолдаги, аммо...

Оддий сўзлар лашкари қалб қўрғонингизни зум ўтмай забт эта бошлайди. Руҳингизга озиқ бераётган,  қалбингизга қуйилаётган  бу наво нима?  Балки қўшиқдир?

Фақат товуш чиқармай, пичирлаб куйланадиган қўшиқ. Чунки бу сатрлар ҳали бирор хонанда лабидан учмаган бўлса-да, негадир ростдан ҳам руҳингизга озиқ бериб, сизни хаёллар отига  миндириб,  олис-олисларга олиб кетади.

Азим Суюн асарининг таъсир кучи нимада? Ундаги ғоялардами ёки замона зайлига мос  бирор янги гап айтилганида?

Озгина ўқиганимиз “Кўзмунчоқ” шеъридан келтирилган юқоридаги парчада  қизнинг ҳолати қуйма сатрларга жо қилинган, холос. Умумбашарий ғоялар йўқ. Бироқ унда сизни ром қилувчи нимадир бор – охиригача гўё нафас олмай ўқишда давом этаверасиз. Оригинал ташбеҳлар, образлилик “Кўзмунчоқ”нинг қадр-қимматини оширган. Унда қизнинг ҳаёси, гўзаллик рамзи орқали қаҳрамон ҳолати мураккаб тасвирларсиз ҳам кўзгудагидек равшан кўриниб туради.

Ҳали севги боғидан гул узмаган қизлар кўзмунчоқ тасвири орқали ўзларини ўзлари таниб қолиб, балки лабларида кулгу ўйнаса не ажаб?!

Юрагингизни забт этиш учун “Сени севиб қолдим ёки муҳаббатим чексиз” каби яланғоч, образлилик либоси билан безалмаган сатрлар битилган шеърлар озмунчами? Нега улар бир ўқишдаёқ қалбингизни забт этолмайди, ишғол қилолмайди – бегона, ўргатилмаган қуш каби олисларга учиб кетади? Балки бу шоирни илҳом парилари қучиб олмаганидандир? Эҳтимол, масъулият унутилганидан, сўзнинг юки енгил бўлиб, мусиқийлик кучи пастлигиданмикин?

Азим Суюннинг “Кўзмунчоқ” шеърида эса сўзларнинг ҳар қайсиси гўё жўшқин қўшиқнинг авж пардаларига кўтарилишига имкон берган – маълум вазифани адо этган. Асар гўзалликка муҳаббат, гўзал аёлга муҳаббат рамзи каби жаранглайди.

Севдим...

Лекин, севилмадим, ҳа,

Шартми битмоқ йиғлоқ қўшиқлар?

Бу дунёда, ахир, менсиз ҳам,

Кўпдир йиғлаб юрган ошиқлар.

Қабр қилиб ёлғиз қалбимни,

Мана кўмдим севгимни унга!

Ичга ютиб бутун дардимни

Тикиламан зим-зиё тунга...

Ижодкор кўнглидан тўкилган эҳтиросли туйғулар сизга ҳам юқади. Қалбингиз ҳазин руҳдан жимирлаб кетгандек бўлади. Қисқаси, шеъриятга ошиқ қалбларга назм боғларидан ширин мевалар тортиқ қилишга ошиқаётган ардоқли шоир шеърларидан қониқиш ҳосил қиласиз.

Азим Суюн ижоди, китоблари, янги бир шеърий туркумига таниқли шоир Сирожиддин Саййид қуйидагича баҳо берган: “Умуман олганда шеърлар мавзуи ҳар хил бўлса-да, шоир бу туркумида ҳам ўз ижодий йўли, услуб ва овозига содиқ бўлади. Ўша парда, ўша бағрикенглигу  ўша тоғдай залвор ва  салмоқ ила ўқувчи кўнглини очади. Биз бунда шеърий иддаони кўрмаймиз, шоир шикоят ва ё араз ҳам қилмайди. У шеър айтади, бу шеър билан ўқувчининг  кўнгли ёришади, руҳи нурланади”.  

Бир куни Азим Суюн билан боғида гурунглашиб ўтирган эдик. Суҳбатимиз давомида бугунги ижодий жараён, шоирлар, ёзувчилар, драматурглар, адабий танқидчилар қадри, бадиий асарлар савияси тўғрисида баҳслашдик. У шоирлар жуда кўпайиб кетганлиги, аммо ҳақиқий санъат асарлари – ўқишли ва кишига завқ бағишлайдиган шеърлар камлиги ҳақида куйинчаклик билан сўзлади. Ҳатто вилоятлардаги китоб дўконларида бадиий жиҳатдан бўш асарлар кўплигидан нолиди.

Шундан кейин бир тўплам тайёрлаганимни, унда ҳикоячилик ва қиссачиликдаги айрим нуқсонлар танқид қилинганлигини таъкидлаб ўтдим. Сўнг Азим Суюн ҳаяжонланганидан дарров ўрнидан туриб кетди.

– Ҳозир бориб Дўрмон ижод боғидан шу қўлёзмангизни олиб келинг. Янги китобингизга ўзим сўзбоши ёзиб бераман. 

Эртасигаёқ Дўрмон ижод уйи ҳовлисида ҳозиржавоб ва ҳақиқатни айтишни хуш кўрадиган шоир Азим Суюннинг овози жаранглаб эшитилди.

– Дўстим, Жовлибек, қаердасиз?

Мен балкондан дарров ижод уйи ҳовлисига  қарадим.

– Тез пастга тушинг. Янги китобингизни ўқидим. Сўзбоши тайёр. Шу баҳонада дилимда йиғилиб қолган дардларимни ҳам тўкиб солдим.

Мана, орадан бир неча йиллар ўтди. Бевақт ўлим суюкли шоирни орамиздан олиб кетганигаям тўрт-беш йил бўлди. Аммо унинг ўнлаб китоблари республикамизнинг деярли барча вилоятлари кутубхоналарини безаб турибди. Жўшқин ва лирик шеърлари, танланган асарлари, таржималари  бадиий адабиёт мухлисларининг қалбидан жой олган.

Таниқли шоир туғилган куни баҳонасида айрим таклифлар ҳам бор. Кўпчилик яхши билади, Сурхондарёда  машҳур ёзувчи Тоғай Мурод маҳалласи ташкил этилган. Атоқли шоир Азим Суюн туғилиб ўсган Нурота туманидаги Накурт қишлоғида  Ўзбекистондагина эмас, ҳатто чет элларда ҳам танилган бу ижодкор номи абадийлаштирилса, нур устига аъло нур бўлар эди. Шунингдек, мактабларда, олий ўқув юртларида ва бошқа муассасаларда адабий кечалар, қизиқарли тадбирлар ташкил этилишини истар эдик.

Жовли ХУШБОҚОВ, ЎзА мухбири