Бу ҳақда жамият ахборот хизмати маълум қилди. “Sustainable Fitch” халқаро рейтинг агентлиги томонидан ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, “Ўзбекнефтгаз” АЖ экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув йўналишлари бўйича ESG рейтингига лойиқ, деб топилди. Баҳолаш жараёнида компаниянинг экологик хавфларни камайтириш сиёсати, ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш даражаси ҳамда корпоратив бошқарувдаги жавобгарлик каби кўрсаткичлар инобатга олинди.
Агентлик хулосалари бўйича “Ўзбекнефтгаз” АЖ “3” тоифага мансуб рейтинг ва 50 баллик кўрсаткични қўлга киритди. Нефть-газ соҳасида экологик талаблар кучайиб бораётган бир пайтда ушбу натижа компаниянинг барқарор ривожланишга қаратилган изчил чора-тадбирлари амалий самара бериб келаётганини кўрсатади. Шу билан бирга, ESG рейтинги беш поғонали тизим асосида белгиланиши, унда “1” энг юқори даража ҳисобланиши қайд этилди.
Компания раҳбарияти ушбу натижани корпоратив барқарорлик стратегиясини янада кучайтиришга хизмат қилувчи муҳим босқич сифатида баҳолади. Келгусида “Ўзбекнефтгаз” АЖ халқаро экологик талабларга мувофиқ дастурларни кенгайтириш, корпоратив бошқарувда шаффофликни ошириш ва ESG кўрсаткичларини янада яхшилашни устувор вазифалардан бири сифатида белгилаган.
– Мамлакатимиз энергетика соҳасида барқарор ривожланиш тамойилларини жорий этиш ва экологик стандартларга мувофиқ фаолиятни кучайтириш борасидаги ишлар халқаро миқёсда тобора кенг эътироф этилмоқда. Жаҳон амалиётида компаниялар нафақат иқтисодий кўрсаткичлари, балки атроф-муҳитга таъсири, ижтимоий масъулияти ва корпоратив бошқарув очиқлиги асосида ҳам баҳоланади. Шу нуқтаи назардан, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг илк бор ESG рейтингига эга бўлиши нафақат жамият, балки бутун тармоқ учун муҳим воқеа сифатида эътироф этилди, – деди жамият ахборот хизмати раҳбари Мўмин Ибодов.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА