Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Ўзбекнефтгаз”: “Uzbekistan GTL” заводи қурилишининг якуний босқичи бошланди
17:49 / 2020-11-29

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Қашқадарё вилояти Ғузор туманида 135 гектардан зиёд майдонда барпо этилаётган “Uzbekistan GTL” заводининг қурилиш ишлари 2020 йил якуни билан тугалланиши бўйича алоҳида топшириқлар берилди.

Давлат раҳбари томонидан берилган топшириқлар ижросини бажариш, мавжуд муаммо ва камчиликларни ўрганиб, жойида бартараф этилишини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев Қашқадарё вилоятидаги “GTL” заводида бўлди.

Ташриф давомида "GTL" инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши, қурилиш-монтаж ишлар бажарилиши, заводнинг бир қатор ускуна ва технологик қурилмаларнинг ишга тушириш-созлаш олди ишлар бажарилиши жараёнлари ҳамда заводни ишга тушириш ва эксплуатация қиладиган персонални тайёрлашга алоҳида эътибор берилди.

Бутун дунёдаги коронавирус пандемияси “Uzbekistan GTL” заводининг қурилиш жараёнига ҳам ўзининг салбий таъсирини ўтказмай қолмади. Аввал хабар берилганидек, заводни қурилишида қатнашаётган ишчи-ходимлар ўртасида коронавирус инфекцияси тарқалганлиги туфайли қурилиш майдонида ишчилар сони камайтирилган эди.

Бугунги кунда қурилиш майдонида эпидемиологик вазият тўлиқ барқарорлашган бўлиб, жами 10 мингдан зиёд қурувчи ва мутахассислар жалб қилинган ва бир неча сменада, карантин талаблари асосида ишларни давом эттирмоқда, шу жумладан, мингдан зиёд махсус техника жалб қилинган.

Лойиҳа оператори “Uzbekistan GTL” МЧЖнинг бош директори Фахриддин Абдурасулов ҳамда қурилишнинг бош пудратчиси “Enter Engineering Pte. Ltd.” компаниясининг масъул ходимлари Улуғбек Усмонов ва Шуҳрат Арзиевларнинг бошчилигида “GTL” заводининг қурилиши узлуксиз давом эттирилмоқда. Параллел равишда ишга тушириш олди ва созлаш ишлар ҳам амалга оширилмоқда.

Инвестиция лойиҳасини амалга ошириши якуний босқичга кириб, жами лойиҳа бажарилиши 90 фоиздан ошди. Қурилиш-монтаж ишлари 73 фоизга бажарилган. Жорий йилнинг октябрь ойида заводга электр энергия узатилиши ва ёрдамчи қурилмаларини созлаш ва ишга тушириш олди ишларни бажарилиши режалаштирилган. Шу билан биргаликда, заводнинг энергия таъминот технологик қурилмаларини ишга топшириш кетма-кетлиги белгиланган бўлиб, синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш асосий қурилмаларини созлаш ва ишга туширишга тайёргарлик кўрилади.

Ҳозирда завод ҳудудида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Завод қурилиши якунланиши жорий йилнинг декабрь ойида белгиланган.

Ташриф давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси томонидан лойиҳа доирасида ишларни жадалаштириш ва муваффақиятли якунлаш юзасидан зарур бўлган топшириқлар берилди.

Қашқадарё вилоятидаги "Uzbekistan GTL" заводи ишга туширилиши билан Ўзбекистонга авиакеросин ва дизель ёқилғисининг импорти сезиларли даражада қисқаради. 2021 йилда “GTL” заводи тўлиқ лойиҳа қувватига босқичма-босқич чиқиши билан бирга, унда табиий газдан синтетик дизел ёқилғиси, авиакеросин, нафта ва суюлтирилган газ ишлаб чиқарилиши бошланади. Завод табиий газни чуқур қайта ишлаш қувватларини салоҳиятини кенгайтириш, углеводородлар импортини камайтириш, мамлакатнинг замонавий, сифатли ва экологик тоза ёқилғига бўлган эҳтиёжини қоплаш, шунингдек, бозорни ўз хомашёсидан ишлаб чиқарилган стратегик маҳсулотлар билан таъминлаш имконини яратади.

Тўлиқ лойиҳа қувватига эришгач, заводда йилига 3,6 миллиард куб метр табиий газ (метан) қайта ишланади ва 1,5 миллион тонна юқори сифатли синтетик суюқ ёқилғи, жумладан, 307 минг тоннадан ортиқ авиакеросин, 724 минг тонна дизел ёқилғиси, 437 минг тонна нафта ва 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 3.61 миллиард доллардан зиёдни ташкил этади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

ЎзА