Электр энергияси таъминотидаги узилиш сабабли “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли корхоналарда қурилмалар ҳамда станциялар фаолияти вақтинча тўхтилади, деб маълум қилди жамият матбуот хизмати
2021 йил 4 июнь куни соат 22:16 да “Иссиқлик электр станциялари” АЖнинг “Талимаржон ИЭС” га қарашли энергоблок авариявий ҳолатда тўхтаганлиги сабабли “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг объектларида электр энергия кучланишида узилиш кузатилди.
Натижада Шўртан газ кимё мажмуаси, Муборак газни қайта ишлаш заводи, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводларининг асосий ишлаб чиқариш қурилмалари иш фаолияти тўхтаб қолди.
Бундан ташқари, Муборак, Шўртан, Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаларига қарашли газ қазиб чиқариш конларида электр энергияси узилиши сабабли ишда тўхталиш рўй берди.
“Зеварда”, “Жанубий Кемачи”, “Жанубий Ўртабулоқ”, “Денгизкўл”, “Сомонтепа”, “Алан” ва “Кўкдумалоқ”, “Шўртан КМПО”, “Бетман”, “Шимолий Нишон” сиқув компрессор станциялари ҳам тўлиқ тўхтаб қолди.
Юз берган узилишлар “Ўзтрансгаз” АЖга қарашли магистраль газ қувурларига етказиб берилаётган табиий газ сарфи камайишига олиб келмоқда.
Ҳозирда “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ҳамда “Миллий электр тармоқлари” АЖнинг тегишли мутахассислари ҳамкорлигида юзага келган ҳолатни бартараф этиш бўйича тезкор ишларни амалга оширилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Марказий деспетчерлик хизмати томонидан ҳолат тўлиқ назоратга олинган бўлиб, қўшимча маълумотлар бериб борилади.