Нефть ва газ соҳаси мамлакат иқтисодиётининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу эса тармоқни узлуксиз ривожлантириш ва самарали бошқарув талабларини қўяди.
Бунда “Ўзбекнефтгаз” АЖ нафақат нефть ва газ қазиб чиқариш ва қайта ишлаш фаолиятини самарали ташкил этиш, балки таркибий ва бошқарув тизимини такомиллаштириш, соҳа учун муҳим бўлган устувор вазифаларни ўз вақтида бажаришда муҳим ўрин эгаллайди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖда ўтказилган навбатдаги кенгайтирилган йиғилишда мазкур устувор масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Унда жамият бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов соҳани ривожлантиришга қаратилган барча тадбирлар ижроси сарҳисобига эътибор қаратди.
Таъкидланганидек, Президент томонидан белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни атрофлича таҳлил қилиш асосий масалалардандир. Шунга асосан тадбирда ягона акциядор қарори билан тасдиқланган жамиятнинг янги ташкилий тузилмаси, самарали бошқарув тизимини шакллантириш ва вазифалар тақсимоти масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, харажатларни мақбуллаштириш, нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари ҳамда қайта ишлаш корхоналари фаолияти натижалари юзасидан мутасаддилар ҳисоботлари ҳам тингланди.
Йиғилиш давомида жамиятнинг асосий фаолият йўналишлари нефть ва газ қазиб чиқариш, қайта ишлаш ҳамда бошқарув тизими бўйича жорий ҳолат ва келгусидаги қадамлар завод ва бошқармалар, тизим ташкилотлари кесимида таҳлил этилди.
Тадбир якунида кўриб чиқилган масалалар юзасидан муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА