Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Schlumberger” компанияси галдаги истиқболли лойиҳаларни амалга оширади
13:56 / 2024-10-10

“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Баҳодиржон Сидиқов ва “Schlumberger” компаниясининг Марказий Осиё минтақаси раҳбари Марина Тринка Веспан ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ахборот хизматига кўра, унда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, янги технологияларни татбиқ этиш ва геологик-қидирув ишларининг самарадорлигини оширишга қаратилган лойиҳалар муҳокама қилинди.   

Таъкидланганидек, “Schlumberger” дунёдаги энг йирик "Катта тўртлик"ка кирувчи компаниялардан бири ҳисобланади. 1926 йилда ташкил этилган компания глобал миқёсда ўз мижозларига энергия ресурсларидан самарали фойдаланишга ёрдам берувчи рақамли ечимлар ва инновацион технологияларни таклиф этади.  Компания ўзининг замонавий ютуқлари билан 120 дан ортиқ давлатда нефть-газ соҳасида хизмат кўрсатади.   

“Ўзбекнефтгаз” АЖ “Schlumberger” компанияси билан 2019 йилдан буён самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида нефть ва газ саноатида 5 тадан ортиқ йирик лойиҳа муваффақиятли амалга оширилди.   

Бугунги кунда жамиятнинг жорий йилга мўлжалланган геологик-техник тадбирларни шакллантириш ва уларнинг бажарилишини мониторинг қилиш бўйича дастурни амалга ошириш, шунингдек, қудуқларни қуриш ва углеводород хомашёсини интенсификация қилиш соҳасида юқори сифатли хизматларни жалб қилиш бўйича самарали ҳамкорлик давом этмоқда.   

Учрашув сўнгида томонлар келгусида янги лойиҳаларни амалга ошириш, энергия ресурсларини қазиб чиқариш ва улардан самарали фойдаланиш йўналишида бажарилаётган ишлар бўйича келишиб олди.   

Н.Зиёдуллаева, ЎзА