Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Ўзбеккўмир» АЖ: ўтган йилда кўмир қазиб чиқариш 100,6 фоизга бажарилди
15:58 / 2024-03-19

АОКАда «Ўзбеккўмир» АЖ раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида мазкур ташкилотнинг 2023 йилда амалга оширилган ишлари ва жорий йилдаги режалари хусусида сўз борди.

Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбари 2023 йилнинг 11 май куни энергия таъминоти масалаларига бағишланган йиғилишда Ўзбекистонда кўмир қазиб олишни кўпайтириш бўйича вазифалар қўйди.  

«Ўзбеккўмир» акциядорлик жамияти Президентимизнинг топшириғидан келиб чиқиб, 2023 йилги режани 5 800 тонна этиб белгилаган эди. Бу 2022 йилдагига нисбатан минг тоннага кўпдир.  

Рақамлар кўрсаткичига кўра, ўтган йилда кон устини очиш ишлари 23,1 миллион метр кубни ташкил этди. Кўмир қазиб чиқариш 5 836 минг тонна ёки прогнозга нисбатан 100,6 фоизга бажарилди. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 115 фоиздир. Истеъмолчиларга 5 396,7 минг тонна кўмир етказиб берилди ва режа 102,6 фоизга бажарилди.  

– 2023/2024 йиллар куз-қиш мавсуми учун республика аҳолиси ва бюджет ташкилотларига 1 750,7 минг тонна кўмир етказиб берилди. Хусусан, бунда аҳолига 1 175,9 минг тонна, бюджет ташкилотлари учун 574,8 минг тонна йўналтирилган. Шунингдек, тўғридан-тўғри бюджет ташкилотларига 346,2 минг тонна маҳаллий кўмир етказиб берилиши режалаштирилган бўлиб, 2024 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра бу кўрсаткич аҳолига 1 миллион 102,4 минг тонна, бюджет ташкилотларига 569,4 минг тоннани ташкил этди. Ушбу кўмир маҳсулотини республика ҳудудларида тегишлича тарқатиш учун «Ўзбеккўмир» АЖ, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ билан ҳамкорликда маҳаллий кўмир ортиб юбориш режа-графиги қайтадан ишлаб чиқилди ва Бош прокуратура қошида ташкил этилган республика штабига киритилди, – деди «Ўзбеккўмир» АЖ ахбаорот хизмати раҳбари Неъмат Душаев.  

Шунингдек, тадбирда иштирокчиларга янги кон техникалари, коррупцияга қарши курашиш каби масалалар ҳамда жорий йилги режалар ҳақида атрофлича маълумот берилди.  

 

Н.Зиёдуллаева, ЎзА