“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти томонидан жорий йилнинг 1-ярим йиллигида 2 374,4 минг тонна кўмир қазиб олинган. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 101,1 фоизни ташкил этган. Истеъмолчиларга 2 531,6 минг тонна кўмир етказиб берилган. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 111,7 фоизга тенгдир.
Бугун Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган анжуманда “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти масъуллари шу ҳақда сўз юритди.
Унда “Ўзбеккўмир” АЖ фаолиятининг 2024 йил 1-ярим йиллик якунлари хусусида атрофлича маълумот берилди. Ушбу даврда Маҳаллийлаштириш дастури бўйича 37 турдаги 2,9 миллиард сўмлик бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилиб, 2023 йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш 112,3 фоизни ташкил этган.
Шунингдек, жамиятда ишлаб чиқариш амалдаги нархларда 673,9 миллиард сўмни, таққослама нархларда 563,9 миллиард сўм, ўсиш суръати эса 101,3 фоизни ташкил этди.
[gallery-18409]
Жамият масъул ходими Эркин Эргашевнинг қайд этишича, республикамизда мавжуд энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ўсиб бораётган талабни қондириш мақсадида кўмир қазиб олишни 2024 йилда 8 миллион тоннага, 2025 йилда эса 10 миллион тоннага етказиш вазифаси қўйилмоқда.
–Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, “Ўзбеккўмир” АЖ томонидан жорий йилда 6,2 миллион тонна кўмир қазиб олиш режалаштирилган. Шу мақсадда кон устки қисмини очиш ишларини жадаллаштириш учун ҳукумат кўмаги билан лизинг шартномалари асосида жамиятга Японияда ишлаб чиқарилган 44 дона (юк кўтариш қуввати 90 тн.) “Коматсу” самосвали ва бошқа кон техникалари келтирилди. Бугунги кунга қадар “Коматсу”ларнинг 27 таси ишга туширилди, 15 таси тўлиқ йиғилиб, фойдаланишга тахт қилинган, яна иккита “Коматсу” йиғилмоқда. Жамиятда кўмир сифатини яхшилаш, шунингдек, маҳсулот таннархини камайтириш тадбирлари ҳам изчил олиб борилмоқда. Хусусан, ўтган даврда 2 562,680 минг киловатт соат электр энергияси иқтисод қилинди. Жамият маъмурий бинолари ва корхоналарига ўрнатилган қуёш қурилмалари ҳисобига қўшимча 147,817 минг киловатт электр энергияси тежалди, – деди Э.Эргашев.
Тадбирда галдаги устувор вазифалар ҳақида ҳам сўз юритилди. Унга кўра, иккинчи ярим йилликда 32,9 миллион метр куб ҳажмда кон устки қатламини очиш, 3,8 миллион тонна кўмир қазиб олиш, асосий истеъмолчиларга 3,4 миллион тонна кўмир маҳсулоти ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Анжуманда “Кўмир таъминот” МЧЖ директорининг ўринбосари Фарҳод Хурсанов аҳоли ва бюджет ташкилотларини кўмир билан таъминлаш масаласига тўхталиб ўтди.
–“Кўмир таъминот” МЧЖ томонидан 2024/2025 йиллар куз-қиш мавсуми учун республика аҳолиси ва бюджет ташкилотларига жами 1 898,7 минг тонна маҳаллий кўмир етказиб берилиши режалаштирилган. 23 июль ҳолатига кўра, бюджет ташкилотларига 168 минг 769 тонна, ДХШ асосидаги тадбиркорлик субъектларига 8 минг 623 тонна, аҳолига 45 минг 817 тонна кўмир тарқатилди. Республика бўйича олис ва бориш қийин бўлган қишлоқ (овул)лар аҳолиси 16 минг 853 тонна маҳаллий кўмир маҳсулотлари билан таъминланди. Бу ишларни тизимли ташкил қилиш мақсадида корхонамизнинг 90 та ҳудудий кўмир омбори ва 13 та шохобчаси ишлаб турибди, – деди Ф.Хурсанов.
Тадбир якунида масъуллар иштирокчиларнинг саволларига жавоб қайтарди.
Н.Зиёдуллаева,
О.Пардаев (сурат),
ЎзА