Пойтахтимиздаги Халқаро шахмат академиясида 6 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасида шахмат бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионати жажжи “ақл гимнастикаси” усталарига бир олам таассуротларни тортиқ этди.
Юртимизда илк бор ушбу ёш тоифасида ташкил этилган мамлакат биринчилигининг стандарт йўналишидаги баҳсларда ўғил болалар орасида “Академия” жамоаси вакили Имронбек Акрамов 9 имкониятдан 8 очко жамғариб ғолибликка эришган бўлса, қашқадарёлик Муҳаммадали Комилжонов ҳамда Муҳаммад Юсуф Хажинигманов 7,5 очко билан кейинги ўринларни эгаллади.

Қиз болалар мусобақасида қатнашган 27 нафар иштирокчи орасида Жамилахон Исамиддинова(Академия) 8,5 очко билан чемпионлик шоҳсупасига кўтарилди. Кейинги поғоналарни 7 очко жамғарган Дарина Ларина(Қорақалпоғистон) ва Мўминабегим Анваржонова(Фарғона) банд этди.
Чемпионатнинг рапид йўналишида ўтказилган 7 та турдан иборат баҳсларда 6 очко тўплаган Усмонхон Баҳодиров(Тошкент) қўшимча кўрсаткичларга кўра, мамлакат чемпионлигини қўлга киритди. Жажжи қизалоқлар баҳсида эса фарғоналик Мўминабегим Анваржонова 6 очко билан олтин медалга эга чиқди.

Т.Рўзиев, ЎзА